НамДУ талабаси кунгабоқар кўринишидаги қуёш панелини яратди

15:01 01 Май 2024 Жамият
601 0

Фото: "Халқ сўзи"

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Одатда қуёш панеллари фойдаланилаётган иморатларнинг том қисмига ўрнатилади. Бунда панелга қуёш нурларининг кўпроқ тушиши ҳисобга олинган, албатта.

Наманган давлат университети физика факультетининг 3-босқич талабаси Хуршида Нормирзаева ихтиро қилган янги қурилма эса кунгабоқар кўринишида бўлиб, то қуёш чиқишидан ботишига қадар ҳаракатланиши бориши туфайли анъанавий панелларга нисбатан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқаради.

Янги технологиянинг бир донаси кунига максимал 30 киловаттгача энергия тўплаши мумкин. Бу бир хонадонни сутка давомида тўлиқ энергия билан таъминлашга етади.

— Одатдаги қуёш панелларининг юқори самарадорликда ишлаш вақти 6 соат бўлиб, бу вақт мобайнида 18 кВт электр энергиясини олиш имконини беради, — дейди Хуршида Нормирзаева. — Менинг «Кунгабоқар»имнинг ишлаш вақти эса 10 соатни ташкил қилади. Айни вақт ичида 26,5 кВт электр энергиясини олиш мумкин. Яъни, бу қурилманинг фойдалилик иш коэффиценти 8,5 кВт, фоизларда ҳисоблаганимизда, 47 фоизга тенг. Қурилманинг яна бир афзаллиги шундаки, бу унинг ёруғлик сезгирлиги туфайли 180 даражага бурила олишидир.

Хуршида ихтиро қилган қурилманинг бошқа жиҳати унинг ҳимоя тизими билан таъминланганидир. Сабаби, қуёш панеллари доимо бир жойда туриши натижасида унинг юқори қисмини ёзда чанг, қишда қор қоплайди. Бу унинг самарадорлиги ва сифат кўрсаткичларини пасайтиради.

«Кунгабоқар» қуёш ботганда автоматик равишда йиғилади ва бошланғич ҳолатга қайтади. Қуёш чиқиши билан эса яна «очилади». Кучли ёмғир ва қор ёғиб, энергия олиш имкони жуда паст бўлган ҳолатда ҳам ҳимоя тизими ишга тушади.

Кўриниб турибдики, талаба яратган қурилма анча такомиллаштирилган ва унда самарадорлик оширилган. Агар у ишлаб чиқаришга татбиқ этилса, энергетика соҳасида катта имкониятларни тақдим этиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер