Наманганлик талаба инновацион лойиҳа яратди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Юртимизда аҳоли сони кўпайгани сари шаҳар ва қишлоқлардан маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва қайта ишлаш масаласи ҳам тобора долзарб тус олмоқда. Амалдаги тажрибага кўра, республикамизда аҳоли истиқоматгоҳларидан чиқиндиларни ташиб кетиш тегишли ташкилотлар томонидан махсус жадвал асосида амалга оширилади. Бироқ бу график тизими самарадорлик жиҳатидан камчиликлардан холи эмас. Масалан, чиқинди идишлари ҳали тўлмаган бўлса ҳам махсус автотранспорт воситалари ортиқча вақт, ёнилғи, ишчи кучи сарфлаб режадаги манзилларга боришга мажбур. Ёки аксинча, чиқинди қутилари тўлганига анча вақт бўлганига қарамай ташиш хизмати графикда қайд этилмагани туфайли кечикади.
Наманган давлат университетидаги «Инновацион клуб» аъзоси, физика йўналиши 3-босқич талабаси Севинч Турсуналиева илмий раҳбари Улуғбек Турдалиев бошчилигида ишлаб чиққан «Маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш тизимини рақамлаштириш» лойиҳаси айни муаммони ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Лойиҳа лазер детекторлари орқали чиқинди идишларининг тўлиш даражасини аниқлаш ва бу ҳақда марказий серверга маълумот жўнатишни кўзда тутади. Бу билан ташиш корхоналарини рақамли асосда бошқариш имконияти юзага келади.
— Қурилманинг ишлаш механизми ҳақида гапирадиган бўлсак, унга ўрнатилган масофа датчиги чиқинди идишини доимий равишда кузатиб боради ва у тўлганда, марказий серверга «Чиқинди қутиси тўлган!» деган хабарни юборади. Агар идиш тўлмаган бўлса ва бошқа муаммо юзага келган ҳолатда махсус тугма орқали айни мазмундаги маълумот сервердан ўрин олади. Бир пайтнинг ўзида ГСМ модуль ёрдамида чиқинди идишининг жойлашуви ҳам марказий серверга етказилади ва автотранспорт воситалари кўрсатилган манзилга етиб бориши таъминланади.
НамДУ ихтирочилари яратган янги лойиҳа амалга оширилиши натижасида нафақат ресурслардан самарали фойдаланилади, балки аҳоли зич жойлашган ҳудудларда чиқиндилар узоқ вақт тўпланиб қолиши, натижада атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, нохуш ҳидлар ва турли бактериялар тарқалишининг олди олинади.
Севинч ва унинг устози ишлаб чиққан янгиликни ҳозирча Наманган шаҳри миқёсида амалда татбиқ этиш режалаштирилган. У келгусида янада такомиллаштирилади ва бошқа ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкони яратилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг