Наманганлик тадбиркор Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида текстиль фабрикаси қурадиган бўлди
Шу кунларда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида бўлиб турибди. Ҳар икки вилоят ўртасидаги маданий-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган сафар доирасида барча жабҳаларда дўстона қўшничилик тамойилига асосланган ўзар тенг ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Кеча делегация аъзолари Жалолободдаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлдилар.
Айтиш керакки, Наманган ва Жалолобод ишбилармон доиралари вакиллари мулоқотларида иқтисодий муносабатларни кенгайтириш юзасидан бир қатор амалий таклифлар ўртага ташланмоқда. Ўзининг юқори сифатли маҳсулотлари билан халқаро бозорда ўрин олган “Art soft holding” компаниясининг қўшни мамлакатда текстиль фабрикасини барпо этиш юзасидан бошлаган лойиҳаси шулар жумласидан.
— Жалолободда қурилажак корхонада пахтадан ип йигириш орқали ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва ундан момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган, -дейди компания таъсисчиси Ғиёсиддин Бобохонов. – Келгуси йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган фабрикада йилига 5400 тонна калава ип ва 3600 тонна момиқ сочиқлар тайёрлашга мўлжалланган қувватлар барпо этилади. Бу билан 450 киши учун меҳнат ўринлари юзага келади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг