Наманганлик олимлар Беларусдаги ОТМда дарс ўтмоқда

17:34 25 Апрель 2022 Жамият
763 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган муҳандислик-технология институти Европанинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бўлган Беларус миллий техника университети билан таълим ва илмий-инновацион йўналишларда фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўзаро келишувга мувофиқ, айни кунларда ўзбекистонлик бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар қисқа муддатли алмашинув дастури доирасида беларуслик талабаларга муҳандислик, кимё, чизмачилик, рус тили, бухгалтерия ҳисоби ҳамда олий математика фанларидан сабоқ бермоқда.

— Хизмат сафаримиз давомида бу ердаги талабаларга дарс ўтиш билан чекланиб қолмай, ўзаро тажриба алмашиш имкониятларидан ҳам самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди НамМТИ Муҳандислик-технология факультети декани Авазбек Обидов. — Ташрифимизнинг асосий мақсади ҳам шу аслида. Ҳар икки олий таълим муассасанинг янада ривожи учун яхши самара бераётган тажрибаларни ўртоқлашиш айни муддаодир.

Шунингдек, ташриф доирасида Беларус миллий техника университетининг Машинасозлик ва Наманган муҳандислик-технология институти Муҳандислик технология факультетлари ўртасида узоқ йилга мўлжалланган ўзаро манфаатли ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, икки факультет иштирокида талабалар учун академик мобиллик дастури, профессор-ўқитувчиларни ўзаро алмашинуви, қисқа муддатли стажировкаларни ташкил этиш, халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш режалаштирилган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер