Наманганда яна бир гуллар маркази очилди

17:33 31 Май 2023 Жамият
672 0

Фото: “Халқ сўзи”

      Бир ҳафтадан ўтди,  Наманганда бошланган  62-Халқаро гуллар фестивали нафосат ишқибозларига унутилмас таассуротларни ҳадя  этмоқда.  Анжуман бошлангандан буён  меҳмонлар сони уч миллионга яқинлашгани бу  ерда ташкил  этилган гул кўргазмалари, бошқа кўнгилочар ва  маданий тадбирларга ошиқаётган юртдошларимиз сафи кун сайин ортаётганидан нишона.  Улар нафақат, истироҳат боғидаги бадиий композициялар, балки, шаҳарнинг деярли барча қисмини безаб турган гулзорлардан таралаётган ифордан олам-олам завқ олмоқдалар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ёнида ташкил этилган махсус ярмарка эса гул сотиб олиш истагидаги фуқаролар учун айни муддао бўлди. 270 дан ортиқ профессионал ва ҳаваскор гулчилар кўчма дўконларини жойлаштирган  вақтинчалик бозорчада истаган гул кўчатини ҳарид қилишингиз мумкин.

Фестиваль дастури доирасида Янги Наманган туманидаги Ислом Каримов кўчасида фаолият бошлаган   «Orxideya»   гуллар маркази ҳам шаҳар аҳли ва меҳмонлар учун ажойиб туҳфа бўлди. Замонавий кўринишда қад ростлаган  мажмуа тадбиркор Абдулла Сатторов томонидан барпо этилди.  Уста гулчилар сулоласининг  бешинчи авлодидан бўлган бу инсон марказни ишга тушириш учун бир миллиард сўм инвестиция йўналтирди.

 Минглаб гул ишқибозлари  иштирокида  тантанали равишда очилган марказнинг  савдо майдонида  орхидея, аёл бахти, эркак бахти, гузмания, папоротник, аглонема, палма, бонсай деб номланган  100 дан ортиқ турдаги ноёб  гул навлари бор. Улар асосан Нидерландиядан келтирилган. Бу ерда барқ уриб очилган гул ва чечаклар ёрдамида  50 турдан ошиқ гулдасталар тайёрласа бўлади.  Ўн нафар мутахассис   кўчат танлашда сизга ўз маслаҳати билан ёрдам беради, истаган гулдастангизни зумда қўлингизга тутқазади.

 

                                                                                              Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

                                                      Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот

                                                    хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер