Наманганда «Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлган 94 маҳалланинг ички йўллари асфальтланмоқда
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Таъмирланадиган объектлар рўйхати «Ташаббусли бюджет» ахборот порталининг жорий йил биринчи мавсумида энг кўп овоз олган аҳоли истиқоматгоҳлари бўйича шакллантирилган. Улар қаторида Наманган шаҳридаги «Янги қурилиш» маҳалласи ҳам бор. Бу ерда 2,4 километр узунликдаги ички йўлни равонлаштириш учун 1 миллиард 226 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган эди. «Рубин-БИА» масъулияти чекланган жамияти ишчилари узоқ йиллардан буён таъмир кутиб турган йўлларни саноқли кунлар ичида асфальтдан чиқаришди. «Обжувоз» маҳалласи аҳли ҳам ахборот портали орқали ҳимоя қилинган лойиҳа ижроси билан 2,7 километр масофадаги кўчаларига асфальт ётқизилганидан ниҳоятда хурсанд.

— Вилоятимизда «Ташаббусли бюджет» орқали йўлларини таъмирлаш имкониятини қўлга киритган 94 маҳаллага асфальтлаш учун ҳаммаси бўлиб 120,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Қисқа вақт ичида объектлар лойиҳаси ишлаб чиқилиб, пудратчиларни аниқлаш бўйича тендер савдолари ўтказилди. Айни пайтда кўпчилик манзилларни асфальтлашга жадал киришилган. Вилоят марказидаги дастлабки бешта маҳаллада бу иш ниҳоясига етказилди, — дейди Наманган минтақавий йўлларга хизмат кўрсатиш давлат муассасаси раҳбари Жасур Алиматов.
Айтиш керакки, ишда белгиланган меъёрий андозаларга қатъий риоя қилиш юқори сифатни таъминлаш, пировардида, йўллар равонлиги ва узоқ муддат хизмат қилишига пойдевор бўлади. Маҳаллалар йўлини асфальтлашда ҳам масаланинг айни жиҳатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг