Янги Наманганда сув тармоқлари янгиланмоқда
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Янги Наманган туманининг айрим маҳаллаларида қурилган ичимлик сув тармоқларининг эскирганлиги таъминотда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди. Европа Тараққиёт ва Тикланиш банки дастурига киритилиши билан бу муаммога ечим топилди. Халқаро молия институти томонидан ажратилган 954,8 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобига туманнинг бешта маҳалласида 5 километрдан кўпроқ масофадаги тармоқлар қайта таъмирланди.

— «Мингтерак», «Оромгоҳ» ва «Ахсикент» маҳаллаларида меҳнат қилаётган «Адолат қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти режада белгиланган узунликдаги сиғими 500 миллиметрли қувурлар монтажини амалга оширмоқда, — дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Муҳаммад Қурбонов. — Бунда сифат ва самарадорликка эришиш учун барча имкониятлар ишга солинди.

Шунингдек, бошқа маҳаллаларда ҳам дастур лойиҳасидаги ишларни жорий йилда якунига етказиш кўзда тутилган. Бу билан «Оромгоҳ», «Гулистон», «Фурқат», «Мингтерак» ҳамда «Ахсикент» маҳаллаларидаги 7176 та хонадонда истиқомат қилаётган 31185 нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг