Наманганда суд раиси ёрдамчисини калтаклади
Иллюстратив фото
Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди раиси Жаҳонгир Ёқубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни калтаклаб, унга жароҳат етказди, дея хабар бермоқда «Kun.uz». Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, суд раисининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.
«Хизмат текшируви якуни бўйича қўшимча ахборот берилади», дейилади ташкилот хабарида.
Маълум бўлишича, ҳолат 2025 йилнинг 18 январь куни содир бўлган. Суд раиси Жаҳонгир Ёқубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни ўзининг хизмат хонасида калтаклаган. Жароҳат олган ёрдамчи Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Тиббий маълумотномада Яхшибоев юз соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши тан жароҳати олгани кўрсатилган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳам ушбу ҳодиса юз берганини тасдиқлаб, ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг