Наманганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида «Шахмат фестивали» ўтказилди

14:02 13 Март 2026 Жамият
230 0

Инсоният шахматни азалдан ақл гимнастикаси сифатида ардоқлаб келади. Зеро, спортнинг бу турида тарбиявий аҳамият катта. У болаларнинг онг-тафаккурида ҳаёт қийинчиликларига бардошлилик, олдига қўйган мақсадларига мустақил эришиш ҳамда изчил ҳаракат қилиш каби фазилатларни ривожлантиради. Шу нуқтаи назардан, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Шахмат фестивали» мусобақалари бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Мусобақанинг Наманган шаҳридаги 60-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб ўтган вилоят босқичи бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Швейцария тизими асосида ташкил этилган беллашувларда шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 28 нафар тарбияланувчи иштирок этди.

— Кичкинтойларнинг дадил ва ишонч билан дона суришларига Наманган вилояти шахмат федерациясининг биринчи тоифали мураббийлари Муҳтарам Абдуфаттаева ҳамда Закриёхожа Ғайбуллаев ҳакамлик қилди. Баҳслар қизғин, шаффоф ва муросасиз кечди. Жараёнларни ота-оналар ва устозлар онлайн тарзда кузатиб боришди, — дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Аброр Абдуқаюмов.

Натижаларга кўра, 5–7 ёшли ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда фахрли 1-ўринни Наманган шаҳридаги 1-сонли ДМТТ тарбияланувчиси Элнур Базарбаев эгаллади. Иккинчи ўрин Давлатобод туманидаги 50-сонли ДМТТ тарбияланувчиси Асадбек Маҳмудовга, учинчи ўрин эса Чуст туманидаги «Modern Children» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Элёрхон Муҳсиновга насиб этди.

Қизлар ўртасидаги беллашувларда эса Давлатобод туманидаги 54-сонли ДМТТ тарбияланувчиси Соҳиба Бахтиёрова биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Тўрақўрғон тумани вакиласи Нурия Абдурасуловага, учинчи ўрин эса чустлик Маликахон Мадалиевага насиб этди.

Биринчи ўринни эгаллаган кичкинтой шахматчилар мусобақанинг якуний босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади. Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер