Наманганда халқаро асал фестивали бошланди
Фото: Халқ сўзи
Гуллар шаҳри навбатдаги халқаро анжуман – асал фестивалига мезбонлик қилмоқда. Бугун Наманган вилоят марказидаги «Афсоналар водийси» тематик паркида республикамиз ҳудудлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларидан келган икки юздан ортиқ асаларичилар жам бўлди.
Ушбу нуфузли анжуманнинг Наманганда ўтказилиши бежиз эмас. Кейинги йилларда вилоятда истеъмол бозорини экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулоти билан тўлдиришда ўз ўрнига эга бўлган мазкур тармоқ жадал ривожланиб бормоқда. Бу ерда айни пайтда 260 нафар соҳа меҳнатчисидан иборат асаларичилар уюшмаси фаолият кўрсатаётир. Улар парваришида бўлган 210 мингдан зиёд асалари уясидан йилига 4,5 минг тоннага яқин шифобахш неъмат йиғиб олинмоқда. Эътиборли жиҳати, эндиликда ёш ари уяларини ташқи бозорга чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган даврида республикамиз бўйича экспортга чиқарилган 311 минг дона асалари пакетининг 1900 донаси ёки 70 фоизи наманганликлар ҳиссасига тўғри келгани диққатга сазовор.

Наманган вилоят ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган фестиваль соҳада инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда саноатлаштириш, халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, мавжуд муаммолар ечимини топишга йўналтирилган бўлиб, бугун эрта тонгданоқ одамлар билан гавжумлашган боғда асаларичилик маҳсулотлари кўргазмаси очилди.
— Билсангиз, Наманган фестивалига таклифнома олган чоғда роса суюндим ва бу ерга тоғ гиёҳларидан йиғилган бол маҳсули бўлган экологик жиҳатдан тоза, бетакрор таъмга эга бўлган шифобахш неъматни олиб келдим, — дейди Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан ташриф буюрган Адҳам Мавлонов. — Маҳсулотимизга ўзбек тадбиркорлари томонидан катта қизиқиш билдирилаётгани фестиваль давомида қатор манфаатли шартномалар тузилишига умид уйғотмоқда.
Айтиш керакки, Наманганда асаларидан дастлабки маҳсулот олишнинг ўзи билан чекланиб қолмасдан, уни қайта ишлаш, қадоқланган ҳолда савдога чиқариш, экспортга жўнатишни йўлга қўйган бизнес эгалари сафи тобора кенгаймоқда. Улардан бири «Абдулқодирхон Барака файз» хусусий корхонаси катта тадбир иштирокчилари учун ўзининг кенг ассортиментдаги кўргазмасини ташкил этган.
— 2,5 минг уя асаларимиз бор, — дейди корхона раҳбари Мухторжон Нурматов. — Улардан йилига 10 тоннадан кўпроқ маҳсулот йиғиб оламиз. Ўтган йилдан кичик асалари уяларини ташқи бозорга ҳам чиқаряпмиз. Жорий мавсумнинг ўзида Россиядаги ҳамкорларга 100 минг АҚШ долларидан зиёд миқдорда маҳсулот экспорт қилдик.
Халқаро фестивалга ташриф буюрган Наманган аҳли ва меҳмонлар биринчи куннинг ўзидаёқ бири-биридан бой кўргазмалар билан танишдилар. Кўпчилик асалнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил билиб олган бўлса, бошқалар бежирим идишларга қадоқланган шифобахш неъматни мамнуният билан харид қилдилар.

Олдинда иштирокчиларни илмий-амалий конференция, В2В форматидаги учрашув, бошқа қатор маданий ва спорт томошалари кутиб турибди. Анжуман доирасида саховат тадбири уюштирилиб, имконияти чекланган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга минг килограмм асал бепул тарқатилади.
Наманганда халқаро асал фестивали уч кун давом этади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг