Наманганда «Infoteach — 2025» форуми иш бошлади
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Анжуманга Наманган давлат техника университети мезбонлик қилмоқда. Форум Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш марказлари ташаббуси билан ташкил этилган. Унда бир қатор олий таълим муассасалари ва компаниялар вакиллари, вилоятда фаолият олиб бораётган 300 нафарга яқин информатика фани ўқитувчилари, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишининг масъуллари иштирок этмоқда.

— Ёш авлоднинг IT соҳасидаги ютуқлари бевосита замонавий технологияларни чуқур ўрганишга боғлиқ, — дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Аббос Усмонов. — Бинобарин, ушбу форум соҳа мутахассислари тажрибасини оммалаштириши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Маълумот учун, форум доирасида сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари, график дизайннинг замонавий тенденциялари, робототехника соҳасидаги инновацион ёндашувлар, рақамли таълим воситаларининг самарали қўлланилиши мавзуларида тақдимот ва муҳокамалар уюштирилиши режалаштирилган.

Анжуман 25-26 апрель кунлари Чуст ва Учқўрғон туманларида давом эттирилиб, унда ҳудуддаги педагоглар ҳам фаол иштирок этишади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг