Наманганда Ҳиндистон маданияти ҳафталиги ўтказилади
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманганда вилоят аҳли, бутун Ўзбекистон интиқиб кутаётган Халқаро гуллар фестивалига ҳозирлик ишлар якунловчи паллага кирди. 19 майда бошланиб, 23 июнга қадар давом этадиган гўзаллик ва нафосат байрамида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари, хусусан, Ҳиндистон, Хитой, Голландия, Туркия, Озарбайжон, Япония ва Корея давлатлари ўз гулчилари, гуллардан безатилган майдонлари билан иштирок этиш истагини билдиришган. Улар иштирокида маданий тадбирлар ҳам ўтказилади.
Ўтган куни Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри номли ҳинд маданият маркази раҳбари Ситеш Кумар бошчилигида Ҳиндистон расмийлари вакилларидан иборат делегация Наманганда бўлди. Меҳмонлар байрамга тайёргарлик жараёнлари билан танишиб, фестиваль доирасида ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирлар бўйича маҳаллий ташкилотчилар билан маслаҳатлашиб олдилар. Унга кўра, 1—7 июнь кунларига Ҳинд маданияти ҳафталигини ўтказиш белгиланди.

— Дўст мамлакат вакиллари ҳафталик давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли истироҳат боғида ўз гул кўргазмаларини ташкил этадилар, — дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. — Бундан ташқари ҳинд санъаткорларининг чиқишлари, маданий-маърифий йўналишдаги тадбирлар, бошқа кўнгилочар томошалар уюштирилади.
Гуллар шаҳрида олтмиш учинчи бор нишонланадиган ва етти миллионга яқин нафосат иштиёқмандлари ташрифи кутилаётган анжуман дастуридан япон ва корейс санъаткорларининг чиқишлари ҳам ўрин олган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг