Наманганда газ таъминоти тизимида мурожаатлар билан ишлаш  қай аҳволда?

12:37 05 Декабрь 2022 Жамият
670 0

Фото: Халқ сўзи

Айни қиш забтига олган шу кунларда наинки қишлоқ жойларда, балки шаҳарларда ҳам газ ва иссиқлик таъминотига оид қатор муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Бу эса одамларнинг эътирозларига, масъулларнинг эса мавжуд имкониятларни сафарбар этиш орқали муаммолар ечимини излашига сабаб бўлмоқда. Аҳоли мурожаатлари асосида камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир.

Жумладан, «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиалида ҳам аҳоли мурожаатлари билан ишлаш изчил йўлга қўйилгани ўз натижасини беряпти. Буни жорий йилнинг ўн бир ойи мобайнидаги фаолият кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди. Йил бошидан буён филиалнинг туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимларига 3 минг 457 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда тармоққа уланиш, ҳисоблагич ўрнатиш, пломбалаш ва ечиш, суюлтирилган газ таъминоти, янги маиший газ баллон билан таъминлаш, ҳисоб-китоб ва тўлов масалалари кўтарилган. Келиб тушган мурожаатларнинг 3 минг 97 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 144 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 216 та мурожаат эса ҳозирда кўриб чиқиш жараёнида.

Ушбу йўналишдаги фаолият натижадорлигини таъминлаш мақсадида ҳудудларни «қизил», «сариқ», «яшил» тоифаларга ажратилган ҳолда иш олиб борилмоқда. Филиал раҳбари ҳамда соҳалар бўйича ўринбосарлар томонидан белгиланган графикдан ташқари Наманган вилоятидаги «қизил» ҳудудларга киритилган туманларда сайёр ва оммавий қабуллар ҳамда истеъмолчилар билан учрашувлар ўтказилаётир. Хусусан, филиал директори ва унинг йўналишлар бўйича ўринбосарлари томонидан шу кунга қадар 65 та сайёр қабул ўтказилиб, 296 та фуқаронинг мурожаати тингланди ва 243 та масала ижобий ечим топди, 53 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Бу сингари сайёр қабуллар ҳудудлардаги газ таъминоти бўлими бошлиқлари ва масъул ходимлар томонидан ҳам амалга ошириляпти. Биргина Норин туманида 37 та маҳаллада шундай тадбир ташкил этиш орқали туманнинг «қизил ҳудуд»дан чиқишига эришилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали ҳамда туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимларида «Фуқароларни қабул қилиш хоналари» қайта ташкил этилиб, замонавий кўринишда жиҳозланди. Уларнинг қатъий белгиланган кун тартиби асосида ишлашига эришилмоқда. Бундан ташқари газ таъминоти корхоналарига келган истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида барча бўғинларда «Мижозлар билан ишлаш хоналари» ташкил этилди. Бунда асосий эътибор истеъмолчиларнинг масалаларини битта хонада ечиш орқали ортиқча оворагарчилик ва вақт йўқотилишининг олдини олишга қаратилган.

Юқорида айтганимиздек, қиш мавсуми бошланиши билан газ таъминотида муаммолар кўпайган шу кунларда тизимдаги қабулхоналар иш тартиби янада тиғизлашган. Имкон қадар мурожаатларда келтирилаётган муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилинмоқда.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер