Наманганда давлат мулки ижарасидан қарийб 8 миллиард сўм маблағ тушди
Корхона, ташкилот, муассасаларнинг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларига талаб ҳамиша юқори. Уларни ижарага беришда “E-ijro auction” онлайн электрон савдо майдони имкониятлари қўлланилаётгани айни йўналишда шаффофликни таъминламоқда. Хусусан, Наманган вилоятида жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида 223 та бўш турган объект ижараси 3 миллиард 268,9 миллион сўм қийматдаги бошланғич нарх билан талабгорларга тақдим этилди.
Савдолар жараёнида 9 миллиард сўмлик 1 минг 263 та шартнома расмийлаштирилди. Бу биринчи навбатда тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ва хизмат соҳасини йўлга қўйишида асқатган бўлса, қўшимча равишда 2 минг 350 киши учун янги иш ўрни яратилгани билан аҳамиятга молик.
Наманган вилоят иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасидан маълум қилишларича, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Жумладан, келгуси йил учун давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар ижарасидан тушадиган маблағ 14 миллиард сўмдан ошиши кутилмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг