Наманганда давлат хизматлари кўрсатишда 6 минг 545 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган. Унинг асосий қисми газ таъминоти корхоналарига тўғри келади
Иллюстратив фото
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишда масъулиятсизлик қилаётган давлат органларини аниқлаш ва уларнинг қонуний тартибда иш юритишларини таъминлаш мақсадида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур йўналишда доимий таҳлил, мониторинг ҳамда ўрганишлар ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган шундай тадбирлар давомида ваколатли органлар томонидан жами 6 минг 545 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Уларнинг 5497 таси муддат бузилиши, 342 таси тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилиши, 526 таси ваколатли органлар томонидан ортиқча ҳужжатлар талаб қилиниши, 111 таси мурожаатларнинг асоссиз рад этилиши, 69 таси бошқа қонунбузилиш ҳолатларига тўғри келади. Камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари ташкилотлар кесимида таҳлил қилинганида маҳаллий ҳокимликлар, ер ресурслари ва кадастр идоралари, сув таъминоти ҳамда «Ўзтрансгаз» тизимидаги корхоналарда бу борада анчагина камчиликларга йўл қўйилаётгани исботини топди. Хусусан, газ таъминоти бўйича 4 минг 659 ҳолатда қонун бузилишларга йўл қўйилган.
Мисол учун, Янгиқўрғон туманидаги «Ривож агро-люкс» фермер хўжалигининг 2022 йил 23 июндаги 1,2 МП босимдан юқори бўлмаган газ тармоғига уланиш учун техник шарт олиш юзасидан қилган мурожаатини «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали томонидан кўриб чиқишда муддат бузилишига йўл қўйилган.
Давлат кадастрлар палатаси Поп тумани филиали томонидан берилган маълумотда фуқаро Н.Исмоилованинг кадастр харитаси ҳамда ер тузувчи томонидан ҳудуд ажратиб кўрсатилган чегара қизил чизиғи тақдим этилмаганлиги сабабли кадастр паспортини расмийлаштириш рад қилинганлиги кўрсатилган. Ваҳоланки, «Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғма жилдини тайёрлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 14-бандида ер участкасининг чегараларини аниқлаш ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга асосан кадастр йиғма жилдини расмийлаштириш кадастр идораси масъул ходими томонидан амалга оширилиши лозим эди. Бу эса фуқаро Н.Исмоилованинг кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича мурожаати асоссиз равишда рад этилганлигини кўрсатади.
— Шу ва шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг 46 нафар мансабдор, масъул ходимларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди, — дейди Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Давронбек Равшанбеков. — Айни ҳолатлар юзасидан ваколатли органларга 33 та тақдимнома, 171 та огоҳнома киритилди. Ушбу тақдимномаларга асосан 31 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилиб, 2 нафар масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг