Наманганда бир қатор объектларда қурилиш нега тўхтатиб қўйилди?

13:24 03 Февраль 2023 Жамият
1223 0

Фото: Халқ сўзи

Замон ўзгариши билан шаҳарсозлик меъёрлари, хусусан, жойларда барпо этиладиган қурилиш объектларига қўйилаётган талаблар ҳам ортиб бормоқда. Улар негизида биргина мақсад - фойдаланувчилар учун максимал шароит ва қулайликларни яратиш мужассам. Масалан, кейинги йилларда кузатилаётган энергия танқислигидан келиб чиқиб, қурилажак бино ва иншоотларда қайта тикланувчи энергия қурилмаларининг бўлиши шарт қилиб қўйилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 9 сентябрдаги «Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида 2023 йил 1 январидан бошлаб янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган барча қурилиш объектлари ва «Янги Ўзбекистон» массивларида, шунингдек, умумий майдони 1 минг квадрат метрдан катта бўлган савдо-кўнгилочар марказларининг бино-иншоотларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув истеъмоли ҳажмининг камида 25 фоизини ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш сув иситиш қурилмалари орқали қоплаш лозим топилган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан юқоридаги Фармон ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бинокорларга қўйилаётган талаб мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Соҳа мутахассислари Наманган вилоятининг барча ҳудудларида барпо этилаётган объектларда айни масала бўйича ўрганиш ишларини амалга оширди.

Хўш, вилоятда лойиҳачи ва қурувчилар бино ва иншоотларни муқобил энергия воситалари билан таъминланган ҳолда барпо этиш масаласини кун тартибига қатъий қилиб қўйишганми?

Уйчи тумани «Пастгузар» маҳалласида қурилаётган фуқаро У.С.га қарашли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти, шу туманнинг «Муборак» маҳалласида тикланаётган М. Р. га қарашли юз ўринли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси, Косонсой тумани Алишер Навоий кўчасида жойлашган «Таъмир қурилиш» МЧЖ буюртмачилигидаги кўп қаватли тураржой биноси, Чортоқ туманида "Medikal diagnostics evilition” МЧЖга қарашли тиббий-диагностика маркази, Наманган шаҳар Алишер Навоий кўчасида «Глобус қурилиш монтаж» МЧЖ томонидан қурилаётган, шунингдек, Наманган туманидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши билан танишиш чоғида бу вазифа эътибордан четда қолганлиги аниқланди. Вилоятнинг бошқа ҳудудларида олиб борилаётган қурилишларда ҳам бино-иншоотлар лойиҳасида энергия самарадорлиги ва муқобил энергия технологиялари ҳамда тежамкор, иссиқ сақловчи материаллардан фойдаланиш чора-тадбирлари кўзда тутилмагани маълум бўлди.

— Бундай ҳолларда масала жиддий қилиб қўйилади, — дейди Наманган вилояти қурилиш ва коммунал хўжалиги соҳасида назорат ҳудудий инспекцияси бошлиғи Ҳабибулло Ўринов. — Мониторинг қилинган барча объектларда мутахассисларимиз томонидан аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга, хусусан, қўшимча лойиҳа тайёрлангунга қадар қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер