Наманганда беш юлдузли меҳмонхона ва замонавий тураржой мажмуаси барпо этилмоқда

15:49 31 Октябр 2023 Жамият
481 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманган вилояти текстиль саноати ва аграр соҳасида ўз ўрнига эга бўлган компания эндиликда қурилиш соҳасида ҳам салоҳиятини ишга соладиган бўлди. Гуллар шаҳрининг “Соҳилбўйи” даҳасида барпо этишга киришилган кўп қаватли уй-жой бинолари мажмуаси бу борадаги йирик объектлардан бири бўлади. Хорижий инвесторлар ҳамкорлигида 75 миллион доллар сармоя ҳисобига қурилаётган мажмуа таркибидан Европанинг машҳур бренди остидаги беш юлдузли меҳмонхона ўрин олади.

— Бўлажак мажмуа 1,75 гектар майдонни эгаллайди, —дейди Art Soft Holding компанияси бошқарув кенгаши раиси Олимхон Бобохонов. – Унда 450 мижозга мўлжалланган ерости автотураргоҳи жойлаштирилади. Пастки қаватларида нотурар, савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари бўлган 6 та 20 ва 14 қаватли, 1012 та хонадонли тураржой бинолари, болалар ўйингоҳи, футбол майдончаси, пиёдалар йўлаги, фаввора ва яшил ҳудуд барпо этиш режалаштирилган.

Айни пайтда Наманган шаҳри кўркига кўрк қўшадиган замонавий мажмуа қурилиши жадал суръатда бошлаб юборилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш чоғида қурилиш жараёнларининг ўзига 300 дан ортиқ ишчи кучлари жалб этилади. У якунлангандан сўнг бир қатор янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилиб, 500 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш мўлжалланмоқда.

                                                                        Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер