Наманганда 700 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситаларининг муомалага чиқарилишининг олди олинди
Наманган вилоятида сифати кафолатланмаган дори воситаларини муомалага чиқариш ҳолати фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими ва солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда дорихоналардан бирида қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Хусусан, «К.Ҳ.» МЧЖ раҳбари И.А. «Бешкапа» маҳалласи ҳудудида жойлашган дорихонасида сифати ва яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 700 миллион сўмга тенг бўлган 1 597 турдаги дори воситаларини савдога қўйганлиги маълум бўлди. Ушбу дори воситалари белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олинди.
Аниқланган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси, яъни сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат дори воситалари муомаласидаги назоратнинг кучайтирилиши зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Шунингдек, аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дорихоналар фаолиятидаги қонунбузилишларга қарши курашиш борасида мутасадди идоралар томонидан тизимли ишларни давом эттириш муҳим ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг