Наманганда 60-Халқаро Гуллар байрами ўтказилади
Жорий йил май ойининг сўнгги ҳафтасида вилоятда 60-Халқаро Гуллар байрами ўтказилади. Кеча оқшом вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу тантанали сана муносабати билан ишчи гуруҳ иштирокида байрамнинг асосий тантаналари ташкил этиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги ишлар билан танишди. Унда анжуман очилиш маросими бўлиб ўтадиган Тинчлик хиёбони, гул савдоси ташкил этиладиган Адиблар хиёбони, кўнгилочар дастурлар учун Уч фаввора майдони ва бошқа боғларни тайёрлаш, Бобур боғини эса тегишли рамзлар билан жиҳозлаш, фонтанлар ва ёритгичларга алоҳида эътибор қаратиш масаласи муҳокама қилинди.

— Бу йилги юбилей байрамида иштирок этмаган наманганлик, гул экилмаган жой қолмайди. Барча шаҳар ва туманлар, соҳалар бўйича ташкилот ва муассасалар ўз ҳудудларини тайёрлашда алоҳида ёндашув билан ландшафт дизайнининг замонавий кўринишларини ишлаб чиқадилар, — деди вилоят ҳокими.

Ҳа, бу галги байрам бошқача бўлади. Масалан, унда нафақат мамлакатимиз, балки дунёда ўхшаши бўлмаган гуллар автопарадитантаналарга ўзгача шукуҳ бағишлаши билан Наманганнинг азалий анъанасига айланиб улгурган гулчиликни бутун бўй-басти билан намойиш этади. Боғнинг тунги дизайни ҳам янгитдан кўриб чиқилади.

Айтиш лозимки, юбилей байрамда мамлакатимиз ва қўшни республикалардан гулчилар қатнашиши билан биргаликда, хорижий давлатлардан кўплаб меҳмонлар таклиф этилган. Тадбирларни кўтаринки руҳ, юқори кайфиятда ўтказиш Наманган аҳлининг энг улуғ, энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб тўёнаси бўлади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг