Наманган шаҳрида замонавий ер ости чиқинди жамлаш масканлари барпо этилмоқда

13:39 16 Март 2026 Жамият
215 0

Ихчам ва самарали шундай қурилмаларнинг дастлабкиси вилоят марказидаги “Оби ҳаёт” маҳалласининг 24/7 тартибида ишлаш учун қайта қурилаётган кўчасида жойлаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда ҳар бири 500 килограмм сиғимга эга 6 та чиқинди қутилари ер остига ўрнатилади. Уларнинг устки қисми ҳудуд кўринишига мос тарзда тартибли ва замонавий кўриниш олади. Ҳозирга қадар қурилмаларнинг учтаси битказилди.

— Лойиҳа якунига етиши билан ушбу маскан 3 тоннагача чиқиндини ер остида жамлаш имкониятига эга бўлади. Ишлаш тартибига кўра, йирик ҳажмдаги қутилар тўлиши билан махсус қурилма автоматик тарзда “Мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамияти ҳамда бошқармамизга сигнал юборади ва чиқиндилар махсус машинада белгиланган полигонга олиб кетилади, — дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Максумов. — Яқин вақт ичида бундай масканларни шаҳар таркибидаги Янги Наманган ва Давлатобод туманларига ҳам ўрнатиш режалаштирилган.

Айтиш лозимки, республикамизнинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида муваффақиятли қўлланилган ушбу янгиликнинг Наманганда ҳам жорий этилиши айни пайтда шаҳарда кун тартибидаги ўткир масалалардан бири бўлиб турган чиқинди бошқаруви тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер