Наманган халқаро автофестивали: ретро ва замонавий техникалар, бетакрор тюнинг санъати ва юқори сифатли хизмат кўриги

11:59 24 Февраль 2025 Жамият
222 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Гуллар шаҳри кўпчилик учун янгилик бўлган тадбир – I Халқаро автомобиллар фестивалига мезбонлик қилди. Давлатобод туманидаги «Афсоналар водийси» тематик паркида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз вилоятлари ҳамда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан ташриф буюрган 500 дан зиёд автоҳаваскор ва профессионал транспортчилар автоуловлари билан иштирок этди. Улар орасида ўз даврининг энг талабгори бўлган ретро машиналардан тортиб, ҳар жиҳатдан қулай ва замонавий учқур «от»ларгача бор. Эрталаб бошланган фестивалга 50 дан кўпроқ машиналарнинг вилоят маркази кўчалари бўйлаб ҳаракатланган паради билан старт берилди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ёшларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини орттириш, ёш техник ва автоҳаваскорларни қўллаб-қувватлаш, автомобиль тюнинги саноатини ривожлантириш, автоишқибозлар учун янги имкониятлар яратиш мақсадида уюштирилган анжуман ранг-баранг дастурлари билан иштирокчилар ёдида сақланиб қоладиган бўлди. Хусусан, тадбирдан бир кун аввал Наманган шаҳридаги «Avto car part» масъулияти чекланган жамияти биносида шаҳар ва туманлардан саралаб олинган ҳунармандлар ўртасида «Ёш автоусталар» мусобақаси уюштирилди. Унинг қатнашчилари бир неча номинациялар бўйича баҳсга киришиб, ўз маҳоратларини намойиш қилди. Шундан кейин ҳаваскорлар ўртасида ташкил этилган картинг-слалом спорти бўйича чемпионатда ёш картингчилар тўсиқлардан ўтиш ва тезкор ҳаракатланиш бўйича кўникмаларини амалда кўрсатди.

— Ҳозирга қадар бар қатор қўшни давлатларда ўтказилган автофестивалларда қатнашиб, тажриба ва имкониятларимизни кўрикдан ўтказганмиз, — дейди Тошкентдаги «Putstop premium» гуруҳи раҳбари Фарҳод Даминов. — Мамлакатимизда биринчи бўлиб Наманганда уюштирилган анжуманга BMW, Audi ва бошқа русумлардаги 8 та пойга автомобилини олиб келдик. Уларнинг бақувват двигатели ва шиддаткор қўзғалиши, автоспортчиларимизнинг чаққонлик билан бажарган амалиётлари томошабинларни ҳайратга солди.

Айтиш керакки, Наманганда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, улар тюнинги соҳасида бой тажриба тўпланган. Буни вилоят бўйича 10 мингдан зиёд айни йўналишга ихтисослашган субъектлар фаолият кўрсатиб, уларда юз мингга яқин ёшлар «Устоз-шогирд» тамойилида меҳнат қилаётганлиги ҳам тасдиқлайди.

— Автоҳаваскорлар учун қадрли бўлган тюнинг соҳаси республикамизда жадал ривожланиб бормоқда, — дейди тошкентлик якка тартибдаги тадбиркор Мирсултон Эргашев. — Айни амалиёт билан автомобилга ўзгача чирой кириб, у бамисоли қўғирчоқдай ясанади. Фестиваль давомида наманганлик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик, махсус устахонада маҳорат дарслари ўтилди.

Шанба куни кечга қадар давом этган халқаро анжуман бир қатор маданий кўнгилочар дастурлар билан янада мазмунли кечди. Минглаб автоҳаваскорларни бир ерга жамлаган фестивалга юз мингга яқин томошабин, шу жумладан, қирқ мингдан кўпроқ маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюриб, асримизнинг шиддаткор соҳаси ютуқлари билан яқиндан танишганлиги эса алоҳида эътирофга лойиқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер