Наманган халқаро асал фестивалига мезбонлик қилади
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилоят асаларичилар уюшмасининг бу соҳада узоқ йиллик тажрибага эга 260 нафар аъзоси бўлиб, улар томонидан йилига 4,5 минг тоннадан кўпроқ шифобахш неъмат йиғиб олинаётир. Вилоятда асалари маҳсулотларини қайта ишлаш орқали турли хасталикларга даво бўладиган дори воситалари тайёрлаш йўлга қўйилган. Бундан ташқари ёш ари уялари ташқи бозорга ҳам чиқарилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 190 минг қути шундай уялар Россия, Қирғизистон давлатларига юборилиб, 800 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалиётлари бажарилди.
Соҳада тўпланган тажрибани оммалаштириш ҳамда агротуризмни янада ривожлантириш мақсадида Наманган вилоят ҳокимлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ҳудудий бош бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 28-30 октябрь кунлари мамлакатимизда илк бор Гуллар шаҳрида халқаро асал фестивали ўтказиладиган бўлди. «Афсоналар водийси» тематик паркида ташкил этиладиган анжуман доирасида кўргазма ташкил этилиб, унда асаларичилик маҳсулотлари намойиш қилинади.
— Уч кун давом этадиган фестиваль дастуридан, шунингдек, қишлоқ хўжалик туризми ривожига бағишланган илмий-амалий конференция, спорт мусобақалари, таниқли санъаткорларнинг бадиий чиқишлари ўрин олган, — дейди Наманган вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. Бундан ташқари ҳаваскор асаларичилар учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг маҳорат дарслари уюштирилади.
Айни кунларда ҳозирлик ишлари ниҳоясига етказилаётган фестивалда иштирокчиларни бир-биридан қизиқарли тадбирлар, соҳанинг энг илғор вакилларини эса турли номинациялар бўйича ғолиблик нашидаси кутмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг