Наманган давлат техника университетида халқаро академик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Жорий ўқув йилида Наманган давлат техника университетида айни йўналишда муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, куни кеча И.Раззақов номидаги Қирғиз давлат техника университетидан 17 нафар 2–3-босқич энергетика ва меҳнат муҳофазаси йўналиши талабалари академик алмашинув дастури асосида бу ерга ташриф буюрди. Дастлабки куни улар билан ўтказилган суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги умумий қадриятлар, илмий ва амалий тажриба алмашинуви, шунингдек, турли соҳалардаги узоқ йиллик ҳамкорлик алоқалари алоҳида эътироф этилди. Талабалар ўз мутахассисликларига мувофиқ равишда университетнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳларга тақсимланди. Шу билан бирга, ташриф доирасида ўқув жараёнлари билан бир қаторда спорт, маданий ва маърифий тадбирларни ташкил этилади.
Маълумот учун, ушбу делегация Наманган давлат техника университетида 11 кун давомида стажировка ва академик мобиллик дастурларида иштирок этиб, бу ердаги илғор тажрибаларни ўрганиши, тенгдошлари билан ўзаро фикр алмашиши ҳамда дарс машғулотларида бевосита иштирок этиши кўзда тутилган.

— Наманган давлат техника университетида яратилган шарт-шароитлар, ўқув жараёнларининг замонавий ташкил этилгани ва талабалар учун яратилган имкониятлар бизда катта таассурот қолдирди, — дейди Қирғиз давлат техника университети ўқитувчиси Самат Уметалиев. — Бу каби академик алмашинувлар икки олий таълим муассасаси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Халқаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида университетда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Ёшлар дўстлик боғи» барпо этилди. Ушбу ташаббусда меҳмон талабалар ҳамда университетнинг «Яшил макон» волонтёрлари фаол иштирок этди. Айни жараёнда юз тупдан зиёд манзарали ва мева дарахт кўчатлари экилиб, янги яшил маскан яратилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг