Нафосат ва улуғворлик рамзи
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳридаги «Файз» тантаналар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо иштирокчиларни қутлуғ сана муносабати билан самимий муборакбод этдилар.

Вилоят раҳбари табрик сўзида нафосат ва улуғворлик рамзи – аёлни қадрлаш, унга ҳамиша эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш давлатнинг, жамиятнинг асосий вазифаси эканини таъкидлади.Ўзбекистон Қаҳрамонлари Манзура Мадалиева, Лолахон Муротова, Ўзбекистон халқ артистлари Шафоат Раҳматуллаева, Ёрқиной Ҳотамова, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, «Фарғона анорчилик» агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфуддинова каби кўплаб фарғоналик опа-сингилларимизнинг юрт ривожига катта ҳисса қўшаётгани ва барчага ўрнак бўлаётганини эътироф этди.

Тадбир давомида вилоят ижтимоий ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оилалар фаровонлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга муносиб ҳисса қўшган, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, миллий қадриятларни кенг тарғиб этишдаги ибратли фаолияти учун 21 нафар фарғоналик фаолларга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони топширилди.

Шунингдек, бир гуруҳ фаол хотин-қизлар Фарғона вилояти ҳокимлиги фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Самимий тилаклар эстрадамиз юлдузлари, машҳур санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқларга уланиб кетди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг