Нафақат йўллар, кўнгиллар ҳам бирлашди...
Фото: "Халқ сўзи"
Андижон вилояти Избоскан ва Пахтаобод туманлари чегарасидан хусусияти номига монанд «Тентаксой» ўтган. Унинг оқими об-ҳаво билан боғлиқ бўлиб, гоҳида жўшиб оқса, гоҳида сокин ҳаракатланади. “Қора янтоқ” ҳамда “Чўртонлиқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли сойнинг инжиқликларига кўниб, кўникиб яшаётган бўлсалар-да, у билан боғлиқ бир масала ҳеч ечимини топмай келаётган эди.
– Қишлоғимизда 9 минг аҳоли яшайди,– дейди “Қора янтоқ” МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Абдураҳмон ота Исоқов. – Бир-биримиз билан борди-келди, қуда-андачилик қилишимизда бизга битта кўприк жуда зарур эди. Ота-боболаримиз ҳам шу ташвиш билан яшаб ўтганини ҳисобга олсак, янги кўприк қурилиб фойдаланишга топширилиши – бу бизнинг жуда кўп йиллик орзуимиз, десак, адашмайман. Бугун шу орзуимиз ушалганидан беҳад чоғмиз.
Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тасарруфидаги “Кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси ишчилари томонидан барпо этилган кўприкнинг узунлиги 72, эни 7,76 метрни ташкил этади. Ундан 80 тоннагача бўлган юкни бемалол олиб ўтиш мумкин.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг