"Мутант" вирус — жиддий таҳдид — Меркель
Германия канцлери Ангела Меркел Берлинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат пандемиянинг энг оғир даврини бошидан ўтказаётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, коронавирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар, шунга яраша интенсив терапия бўлимидаги беморлар сони камайиб бормоқда ва бу қатъий чеклов чоралари шарофатидандир. Аммо касалланганлар орасида ўлим даражаси хавотирли даражада юқорилигича сақланиб қоляпти. Боз устига, коронавируснинг «британча штамми» жиддий таҳдид солмоқда.
«Дунёда касалланиш билан боғлиқ ҳолатлар қанча кўпаяётган бўлса, бу Германия ва умуман Европада вируснинг мутацияга учраш эҳтимоли шунча катта эканлигидан далолат беради, — деган у. — Бундан қочиш учун вирусни юқтириш сонини минимал даражага туширишдир. Агар уни ташувчилар қанча кам бўлса, у бу қадар фаол мутацияга учрамайди».
Немис ҳукумати раҳбарининг айтишича, асосий вазифа пандемиянинг учинчи тўлқинининг олдини олишдир. Чунки эпидемиологлар унинг оқибатлари биринчи ва иккинчи тўлқиндан ҳам кўра жиддий кўриниш олиши ҳақида хавотир билан гапиришяпти.
Меркель пандемияга қарши курашишда қатъий чораларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Зеро, Германияда бу борадаги манзара икки хил қиёфа касб этяпти. Вирусга чалинаётганлар сони пасаймоқда, аммо кунлик ўлим ҳолатлари жуда юқорилигича қоляпти. Шу боис канцлер одамларни вируснинг янги штаммидан эҳтиёт бўлишга чақирди. У иложи борича чегара назорати кучайтирилмаслиги, аммо агар қўшни давлатлар бу борада қатъийлик кўрсатиб, вирус мутациясини тўхтата олишмаса, шунга мажбур бўлишини маълум қилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг