Мутахассислар Япония компаниясида малака ошириб қайтишди
Нефть ва газдан турли маҳсулотларни тайёрлашда хорижий илғор компанияларнинг мураккаб конструкцияли технологик қурилмаларидан фойдаланилади. Уларни узоқ муддат хавфсиз ва узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда сифатли техник хизмат кўрсатиш учун эса албатта малакали кадрлар талаб этилади.
Шуни инобатга олган ҳолда “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги корхона ва ташкилотларда кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ушбу тадбирлар доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Шўртан газ кимё мажмуасининг бир гуруҳ мутахассислари Япония давлатида бўлиб, “Митсубиши Ҳеавй Индустриэс Cомпрессор” компаниясининг ўқув-тренинг курсида малака ошириб қайтишди.
Унда “Митсубиши” компаниясининг мажмуага ўрнатилган буғ турбиналари ва компрессорлардан фойдаланишда хавфларни камайтиришнинг янги усуллари ўрганилди. Шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган жараёнлар бевосита амалий машғулотлар орқали кўрсатиб берилди.
Мураккаб конструкцияли технологик қурилмалар ва машина механизмларига техник хизмат кўрсатиш жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар махсус видео дарслик ва эффектлардан фойдаланган ҳолда тушунтириб берилди.
Мутахассислар томонидан ўзлаштирилган малака ва кўникмалар ишлаб чиқариш жараёнларини янада тўғри ташкил этиш ҳамда ёш кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг