Мусофирчиликда ҳунар жуда асқатар экан — Дилором Қувватова

15:54 08 Ноябрь 2023 Жамият
263 0

Халқимизда “Ҳунар — ҳунардан ризқинг унар”, “Ҳунарли хор бўлмас”, “Ақл кўпга етказар, ҳунар — кўкка” каби юзлаб мақоллар борки, уларнинг замирида бирор-бир ҳунарни эгаллаб, уни даромад манбаига айлантирган кишининг ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминлаши, ҳам элга, юртга наф келтириши ифодаланади.

Қашқадарёлик моҳир ҳунарманд аёл — Дилрабо Қувватованинг ҳикояларини тинглаб, бунга яна бир бор амин бўласиз.

Тадбиркорликни 9-синфда бошлаганман

Асли Касби туманининг Пандирон қишлоғиданман. Отам ҳам, онам ҳам зиёли инсонлар. Улар бир умр қишлоқдаги мактабда ўқитувчилик қилишди.

Кўпчилик ота-онасининг касбига ҳавас қилиб, келгусида шу йўналишдан кетишади. Менда эса бундай бўлмади. Ёшлигимдан момамнинг касбига қизиқдим. У киши моҳир тикувчи эди. Момамнинг ишларини кузатиб, бу ҳунарни жуда эрта ўрганиб олдим. Илк маротаба олтинчи синфлигимда ўзим ва синглим учун кўйлак тикканман, жуда чиройли чиққан. Тўққизинчи синфда ўқиб юрганимда эса буюртмалар ола бошладим. Ҳатто мактабдаги ўқитувчиларимнинг кўпчилиги кўйлакларини менга тиктиришарди.

Ҳали ҳам кулиб эслайман, кўпинча ўқитувчиларимиз кўйлакни қарзга тиктирар ва маош олган куни ҳаммаси хизмат ҳақимни келтириб берар, мен эса каттагина миқдордаги пулни олиб, уйга ғурур билан қайтардим. Шундай қилиб, бу ишга шўнғиб кетдим.

1997 йилда мактабни тамомлаб, ҳужжатларимни олий ўқув юртига топширдим. Бироқ талабалик бахти насиб этмади. Аммо бундан кўпам афсусланганим йўқ. Чунки қўлимда ҳунарим, олдимда бошқа режаларим ҳам бор эди. Коллежда ўқидим, тикувчилик бўйича турли курсларга қатнаб, тажрибамни янада оширдим, қишлоқда номдор тикувчига айландим.

Россияга мажбурликдан бордим

Турмушга чиққач ҳам чеварликни давом эттирдим. Хўжайиним эса Россияга бориб ишлаб келар, топиш-тутишимиз яхши, ҳаётимиз фаровон эди.

Бироқ кишининг бошида кутилмаган синовлар бўлар экан. 2014 йилда бир муддат турмуш ўртоғимнинг ишида қийинчиликлар юзага келди. Боз устига бир бахтсиз ҳодиса туфайли катта миқдорда қарзга кириб қолдик. Вазиятни ўнглаш учун уч фарзандимни ташлаб, турмуш ўртоғимнинг ёнига, Россияга йўл олдим, бирга ишлай бошладик.

Муҳожирликда дастлаб турли ишларда ишлаб кўрдим, бўлмади. Шундан сўнг “ҳунаримдан қўймасин” деб ўша юртларда ўзбекча чопон, кўрпа-кўрпача тикиб сота бошладим. Бир пастда мижозларим кўпайиб кетди, моҳир тикувчи сифатида ном қозондим. Тикиш-бичишга эпим борлигини эшитган бир фирма раҳбари мени ишга таклиф қилди. Бордим...

Пул топдиму, қадр топмадим

Мени ишга олган фирма турли ташкилотлар, масалан меҳмонхона, ётоқхона, боғчаларнинг “текстилный” ишлари, яъни парда ўрнатишдан тортиб, “матрос”, кўрпа, чойшаб ва ёстиқларгача бўлган барча буюмларини тайёрлаб бериш билан шуғулланар экан.

Мен бу ишни жуда тез ўзлаштириб, қисқа вақт ичида фирмада деярли иш юритувчига айландим. Тикувчиликка уқуви бўлган олти нафар юртдошимизни ёнимга чорлаб, алоҳида бригада ташкил қилдим.

Энди фирма раҳбари фақат “объект” топиб, шартнома тузиб келар, шундан сўнг қолган ишларга аралашмас, мен одамларим билан бориб, буюртмани бажариб қайтардим.

Бу ишга шу даражада киришиб кетдимки, қанча кўп меҳнат қилсам, шунча роҳат олардим. Қандай катта ҳажмли буюртма бўлмасин, шерикларим билан бирга айтилган муддатига етказмасдан бажариб берардик. Масалан, бир меҳмонхонанинг 80 та хонасидаги барча парда, чойшаб ва ёстиқларни 6 киши 24 кунда тикиб, ўрнатиб берганмиз. Меҳмонхона раҳбарлари ҳам бундан роса ҳайратланишган.

Хуллас, ишим жуда ривожланиб кетди. Ҳатто Россиядаги энг машҳур меҳмонхоналар ишларини бизга топшира бошлади. Даромадим ҳам зўр эди. Аммо...

Иши ривожланиб кетаётган инсонни кўролмайдиган, уни йиқитиш пайида бўладиганлар ҳамма жойда бор экан. Бизнинг буюртмаларимиз сони кундан-кунга ошиб бораётганини кўрган рақобатчиларимиздан бири ноҳалол йўл тута бошлади. Ҳатто ўлдириб кетиш ҳақидаги таҳдидли гаплар бўлди. Бундан заррача қўрққаним йўқ. Лекин бегона юртдалигим, мусофирлигим жуда-жуда алам қилди. Иш ҳам, пул ҳам юрагимга сиғмай қолди. Ҳаммасига қўл силтаб, тўплаган 14 минг АҚШ долларидан кўпроқ сармоямни олдиму, юртимга қайтдим. Ўшанда 2018 йилнинг баҳор ойлари эди.

Ойлик соф фойдам 30 миллиондан кам эмас

Тўғриси, Россиядаги фаолиятим ҳам мен учун жуда катта тажриба мактаби бўлди. Масалан, у ерда энг замонавий технологиялар ёрдамида ишлашни ўргандим. Айниқса, менга иш жойимдаги “кўрпа қавиқ ускунаси” жуда маъқул келганди. Чунки қўлда бир кунда аранг иккита кўрпа тайёрласангиз, ушбу технология ёрдамида кунига 300 та кўрпа тикиш мумкин. Шу боис Ўзбекистонга қайтгач, тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятида шундай ускуна излай бошладим. Охири уни Хитойдан буюртма қилдим. Пулимнинг қолган қисмига эса замонавий тикиш машиналари сотиб олдим. Шундай қилиб, тадбиркорликни бошлаб юбордим.

Ҳозир 6 та тикувчи ҳамда 14 нафар касаначини ишга ёллаганман. Биргаликда кўрпа, кўрпача, ёстиқ, чопон ва шу каби буюмларни тикамиз. Боғча, меҳмонхоналар учун чойшаб, “матрас”лар тайёрлаймиз. Хуллас, буюртмалар жуда кўп. Даромадимиз ҳам кам эмас. Масалан, ўзимга қоладиган ойлик соф фойда 30 миллиондан кам бўлмайди. Ишчиларим ҳам бажарган ишининг салмоғига қараб бир ойда 2 миллиондан 5 миллионгача даромад топишмоқда.

Президентимиз билан иккинчи маротаба учрашдим

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан вилоятимизда ўтказилган тарғибот тадбирларида Президентимиз билан илк маротаба учрашган эдим. 24-25 октябрь кунлари Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига қилган ташрифлари чоғида яна бир бора Юртбошимиз билан кўришиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим.

Тўғриси, Президентимизнинг мендек бир оддий тадбиркор аёлнинг фаолияти билан қизиқиб, режаларимизни тинглаб, ўз маслаҳатларини бериши менга жуда катта куч, шижоат, ишонч бағишлади. Янги-янги режалар, мақсадлар сари илҳомлантирмоқда.

Масалан, ўзим кўрпа қавишда фойдаланаётган технология фақат Хитойда ишлаб чиқарилади. Россия ҳам, Туркия ҳам, бошқа давлатлар ҳам уни Хитойдан харид қилишади. Аслида ушбу ускунанинг иккита мураккаб қисми бор, холос. Ана шу иккита қисмни Хитойдан харид қилиб, қолганини юртимизда ишлаб чиқариш ва йиғиш мумкин. Ҳозир ана шу лойиҳа устида ишлаяпман. Бундан ташқари, фаолиятимни кенгайтириб, яна иккита жойда цех ташкил қилиш ҳаракатидаман. Хуллас, режаларим жуда кўп. Энг асосийси, уларни амалга ошириш учун юртимизда барча имкониятлар мужассам.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер