Муштарак қадриятлар, дўстона ришталар
Шу йилнинг 3-4 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Венгрияда бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек ва венгер халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари бирлаштириб келади. Бугунги кунда эса Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижаси ўлароқ бу шериклик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар саммити доирасидаги самарали учрашуви икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги даврни -бошлаб берди. Ўтган йилнинг 29-30 март кунлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга ташрифи икки давлат ўртасида мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда аввал эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун катта туртки берди. Тошкентда икки мамлакат раҳбарларининг музокаралари давлатлараро мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Шу тариқа Венгрия Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни сиёсий жиҳатдан энг юқори даражага олиб чиққан биринчи мамлакати бўлди.
Ўзбекистон ва Венгрия БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимизнинг глобал кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича нуқтаи назарлари яқин ёки бир-бирига мос келади, томонлар халқаро ташаббусларни илгари суришда бир-бирларини ўзаро қўллаб-қувватламоқда.
Икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларда савдо-иқтисодий муносабатлар, сармоялар олиб кириш устунлик қилмоқда. Замонавий қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва туризм соҳасидаги алоқалар кенгайиб бормоқда. Шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Венгрия етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор кучайиб бормоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқда қулай савдо режими ўрнатилган. Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистон — Венгрия савдо айланмаси ҳажми қарийб 3 бараварга ошди.
Таъкидлаш жоизки, Венгриянинг фармацевтика компаниялари орқали Ўзбекистонга Европанинг сифатли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозларини ишлаб чиқариш саноати кириб келди ҳамда жаҳон бозорида рақобатбардош дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун катта имкониятларни вужудга келтирмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизда бугунги кунда Венгрия сармоядорлари иштирокида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида, меҳмонхона хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, улгуржи савдо йўналишларида 10 та корхона фаолият юритмоқда.
Маданий гуманитар соҳадаги ришталар ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Бинобарин, таълим, илм-фан, маданият, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор ўзбек ва венгер халқларининг муштарак қадриятларидир. Венгриялик санъаткорлар ва илм-фан намояндалари юртимизда ўтаётган “Шарқ тароналари”, Халқаро бахшичилик санъати, Халқаро ҳунармандчилик фестиваллари ҳамда улар доирасида ўтказилаётган илмий анжуманларда фаол иштирок этиб келмоқда. Олимларимиз эса икки давлат тарихи ҳамда маданиятини ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб боришда яқиндан ҳамкорлик қилаётир.
Таълим соҳаси Ўзбекистон — Венгрия алоқаларининг истиқболли йўналиши сифатида кенгаймоқда. 2018 йилдан бери Венгрия ҳар йили Ўзбекистон фуқароларига ушбу мамлакатдаги университетларда ўқиш учун стипендиялар тақдим этмоқда. Университетлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик “Erasmus” лойиҳалари доирасида амалга оширилмоқда.
Албатта, икки томонлама алоқаларнинг ривожланишида тарихий маданий омиллар ҳам катта роль ўйнайди. Жумладан, венгриялик олим Вамберининг Марказий Осиёга саёҳати асосида яратилган “Бухоро тарихи ёки Транссоксания қадим замонлардан то ҳозирги кунгача” ва “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” асарлари бугунги кунда ҳам Европада, хусусан, Венгрияда Марказий Осиё давлатлари тарихи, геосиёсий аҳамияти, маданий, тарихий, иқтисодий жараёнларга таъсир этган омилларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ушбу асарларда Марказий Осиё халқларининг яшаш тарзи, давлатчилигининг шаклланиши ва ривожланиши, диннинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳамда иқтисодий муносабатларнинг ўзига хослиги, одамларнинг юксак маданияти, тарбия ва таълим тизими бевосита кузатувлар ҳамда таҳлил асосида очиб берилгани уларнинг аҳамиятини янада оширади.
Бухородаги вилоят ўлкашунослик музейида XIX асрнинг машҳур венгер шарқшунос олими ва сайёҳи Арминий Вамбери шарафига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Вамбери 1863 йилда Ўрта Осиёга сафар қилиб Хива хонлиги, Бухоро амирлигида бўлган, Самарқандни зиёрат қилган.
Юртимиз шаҳарлари ва қишлоқлари, шунингдек, чет ўлкаларга сафарларида Вамберига ҳамроҳлик қилган, 1836 йилда Қорақалпоғистонда туғилган Исҳоқ Иброҳим бир умр унинг дўсти ҳамда шогирди бўлиб қолди. У шарқшунос олим Вамбери билан Хива шаҳрида XIX асрнинг 60-йилларида танишади ва Венгрияга боради. Салкам ўттиз йил Будапештда яшаб, илмий фаолият билан шуғулланади. Венгрия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида ишлайди, венгрияликларга ўзбек ҳамда бошқа турк тилларини ўқитади. Европанинг илмий доираларида катта обрў-эътиборга эга бўлади.
Исҳоқ Иброҳим ўзбек халқ мақоллари, эртак ва топишмоқларини венгер тилига таржима қилиб, Венгрия Фанлар академиясининг филология бўлими томонидан нашр этиладиган “Тилшунослик ахбороти”да эълон қилади. У машҳур венгер ёзувчиси Янош Ароннинг “Ажойиб оҳунинг ҳикояти” асарини ўзбек тилига ўгиради. Ушбу асар яқинда давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан Тошкентда нашр этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги тарихий дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлган ушбу китобни Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга совға қилди.
Шарқшунос олим, ёзувчи ҳамда таржимон Вамбери ўз эсдаликларида Исҳоқ Иброҳим ҳақида фикр билдирар экан, “У жуда тўғри ва камсуқум инсон эди. Унинг ғаразсиз ва софдил муносабати менга хавфли ва азобли сафаримда куч-қувват бағишлади”, деб ёзган эди. Бу билан у нафақат хоразмлик дўстига, балки бутун ўзбек халқига ҳурмат-эҳтироми ҳамда меҳр-муҳаббатини ифодалайди.
Шу йилнинг май ойида мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси ташаббуси билан Венгрияда яшаб ижод қилган ўзбек олими Мулла Исҳоқ Иброҳим (1836 — 1892) таваллудининг 186 йиллиги муносабати билан ватандошимиз дафн этилган Фейер вилоятининг Веленце шаҳарчасидаги қабристонда маросим ўтказилгани ҳам эътиборга молик воқелик бўлди.
Бугунги кунда томонлар қишлоқ хўжалиги, сувни тежайдиган технологиялар, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, электроника, автомобилсозлик, тўқимачилик, кимё ва металлургия, илм-фан, инновация ва таълим каби соҳаларда, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш йўлидан бормоқда. Демак, икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, икки мамлакатнинг ўзига хос ўхшаш жиҳатлари, Венгриянинг Марказий Европада, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жойлашганлиги, шунингдек, Венгрия Европа давлатлари учун Ўзбекистонга, ўз навбатида, Ўзбекистон Венгрия учун Марказий Осиё мамлакатлари бозорига кўприк вазифасини бажариш истиқболлари ҳамкорликни янги ютуқлар билан тўлдиришни кафолатлайди.
Президентимизнинг Венгрияга расмий ташрифи икки томонлама самарали мулоқотларга бой бўлди. Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Қайд этилганидек, икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилмоқда, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бормоқда. Шунингдек, Президентимиз Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Будапештда Ўзбекистон — Венгрия бизнес форуми уюштирилиб, унинг доирасида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланди. Ушбу ташрифнинг кенг қамровлилигидан кўриниб турибдики, давлатларимиз ўртасидаги алоқалар мазмун жиҳатидан янги босқичга чиқади.
Собитхон ТУРҒУНОВ,
Наманган давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг