«Мунозара»да Самарқанд ёшлари ғолиб бўлди
Яқиндагина Тошкент шаҳридаги «Ёшлар пресс-клуби»да Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида таълим муассасалари, корхона ва ташкилот ҳамда маҳаллалардаги вақтинча ишсиз ёшлар ўртасида ўтказилаётган «Мунозара» интеллектуал турнирининг республика босқичига старт берилганди. Иштирокчилар республика турнирининг ташкилий жараёни ва ўтказиш дастури билан таништирилиб, жамоалар ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтган.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳудудлар миқёсида саралаб олинган 16 та жамоа «Экологик муаммолар иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилмайди», «Илмий техника тараққиёти инсон ҳаётига ижобий таъсир этади», «Кинофильмлардан тарихни ўрганиш самарали», «Хусусий мактаблар давлат мактабларидан устун», «Масофавий таълим анъанавий таълимдан афзал» мавзулари бўйича беллашган. 3 кун давомида шаффофлик билан ўтган беллашув натижаларига кўра, 8 та жамоа турнирнинг чорак финал босқичига йўлланмани қўлга киритган.

— Интеллектуал турнирлар ҳозирги кунда асосан, ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда алоҳида дастур сифатида мактаб дарсликларига киритилган. Турнир шаклида ташкил қилинишинг сабаби, мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг олган билимини ҳаётга татбиқ қила олиши, эгаллаган билимларини сўз орқали ифодалаб бериш кўникмаларини шакллантиришдадир, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Сунатилла Бозорбоев.— «Мунозара» каби интеллектуал турнирлар мактаб ўқувчиларини ўз фикрини эркин ва тўсқинликсиз ифодалашига, мукаммал ва мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялашга, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Кеча пойтахтимиздаги “Hyatt regency” меҳмонхонасида «Мунозара» интеллектуал турнирининг республика босқичи тантанали якунланди. Қизғин ва шиддатли баҳсларга бой кечган турнирнинг финал босқичи якунига кўра, 1-ўринни Самарқанд вилоятининг «Регистон» жамоаси, 2-ўринни Қашқадарё вилоятининг «Келажак бунёдкорлари» жамоаси, 3-ўринни эса Тошкент шаҳрининг «Тараққиёт ёшлари» жамоаси қўлга киритди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Маълумот учун: «Мунозара» интеллектуал турнири 2 босқичда ўтказилди. 1-босқич жорий йилнинг 4-16 июнь кунлари давомида 4 та минтақага бўлинган ҳолда ўтказилди. Республика ҳакамлар ҳайъати томонидан турнирнинг кейинги босқичида иштирок этувчи 16 та жамоа саралаб олинди. Саралаб олинган жамоалар турнирнинг республика босқичида ўз билимларини синовдан ўтказди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг