Муносиб меҳнат шароитини яратиш ва бандликни таъминлаш масаласи муҳокамалар марказида бўлди

13:26 15 Ноябрь 2023 Жамият
288 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамкорлигида Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида “Аёллар ва эркаклар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда бандликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Қуйи палата депутатлари, сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, халқаро ташкилотлар ҳамда сиёсий партиялар вакиллари иштирок этган тадбирда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг аҳоли жон бошига ўсишини таъминлаш, иқтисодиётда самарадорликнинг ўсишига эришиш, ёшлар, айниқса ногиронларни муносиб иш билан таъминлаш ва самарали бандликни кенгайтириш, истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг оқилона моделларидан фойдаланиш, тенг қийматли меҳнат учун тенг иш ҳақи тўланишини таъминлаш ва бошқа шу каби масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Барқарор ривожланиш мақсадлари инсон ҳаёти, яшаш тарзи ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсад ва вазифаларга эришиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизга Барқарор ривожланиш мақсадларига оид нормалар киритилиб, барқарор ривожланиш тамойили илк бора Асосий қонунимизда акс эттирилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимизни рози қилиш, одамларнинг муаммоларини тинглаш ва уларга ўз вақтида ечим топиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Жумладан, Президентимиз раҳбарлигида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун яратилаётган шароитлар, кенг имкониятлар бугун ўз натижасини бермоқда.

Айни чоғда республикамизда 19,5 миллион нафардан ортиқ меҳнат ресурслари истиқомат қилади. Шундан, иш билан банд аҳоли 13,8 млн, иқтисодий нофаол аҳоли 4,3 млн, ишсизлар 1,3 млн кишини, ишсизлик даражаси эса 8,6 фоизни ташкил этади. 2023 йилда эса 813 минг таълим муассасалари битирувчилари, 241 минг меҳнат миграциясидан қайтган мигрантлар, 21,4 минг муддатли ҳарбий хизматдан озод этилганлар, 13,4 минг ишини йўқотган шахслар меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республика бўйича жами 5 199 минг аҳоли бандлиги таъминланган. Хусусан, доимий иш ўринларига 2 053 минг, мавсумий ва вақтинчалик ишларга 2 422 минг ҳамда легаллаштириш ҳисобига 724 минг нафар фуқаро жойлаштирилган.

Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан жорий йилнинг 9 ойида 561 минг нафар фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилди. Улардан 294,7 минг нафар ишсиз фуқаролар корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилди. Шундан 166,7 нафари аёлларни, 100,1 минг нафари ёшларни ташкил этади.

Шу йилнинг январь-сентябрь ойларида 8,6 мингта корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган 37,7 мингта буюртмаларга асосан 94,8 минг нафар банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Қолаверса, 2023 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган 425,8 минг нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар уларнинг 409 минг нафарининг бандлигига кўмаклашилди.

Бугунги кунда республика бўйича 1 200 мингта камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилган. Йил якунига қадар республикамизда 127 500 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 12 фоизга тушириш чоралари кўрилмоқда.

Савол-жавобларга бой бўлган тадбирда депутатлар ҳар бир вазирлик ва идораларнинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар бажарилишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги, йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан аниқ ва қатъий чоралар кўриш бўйича таклифлар беришди.

Қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбирда иштирокчилар мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган кўплаб дастурлар бажарилаётганини алоҳида қайд этдилар.

Хусусан, Қонунчилик палатаси депутат Нодир Тилаволдиев сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда меҳнат муносабатлари тизими тубдан ислоҳ этилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

— Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир, — дейди депутат Н.Тилаволдиев. — Шу боис, юртимизда бандлик дастурлари доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Чунки одамлар ишли бўлса, аҳоли жон бошига даромад кўпайса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унум бўлади. Охирги етти йилда аҳолининг, энг аввало, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган салмоқли ишлар қилинди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижасини эса ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиб турибди.

Тадбирда муҳокама этилган масала юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер