Мулоқот — муаммоларнинг самарали ечими

12:30 18 Май 2018 Жамият
2608 0
Фото: pixabay.com

Норин туманида “Ёшлар — келажак бунёдкори” Давлат дастурини амалга ошириш, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиш орқали мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш масаласи бўйича республика ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Айтиш керакки, 155 минг аҳолининг 60 фоиздан зиёди ёшлар бўлган мазкур туманда йигит-қизлар бандлигини таъминлаш бугуннинг муҳим масалаларидан биридир. Айниқса, олис қишлоқларда ишсиз ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи ушбу масалани чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Дастлабки уч куннинг ўзида 50 нафар ёш ишга жойлаштирилди. 36 кишига эса янги меҳнат жамоаларига йўлланмалар берилди.

Бизнес юритишни мақсад қилган, бироқ бу борада муайян тажрибага эга бўлмаган, бошланғич сармоя масаласида ёки ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун бино, ер участкаси олишда муаммога дуч келаётган ёшлар Норинда ҳам топилади. Шу боис белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан тарғибот лойиҳаси доирасида жами 120 дан ортиқ очиқ мулоқотлар ўтказилди. Учрашувларда 153 фуқародан ишбилармонлик фаолияти учун кредит олиш масаласида мурожаат келиб тушди. 24 кишига қисқа вақт ичида 205,5 миллион сўмлик кредитлар ажратилди. Масалан, Яйдоқ қишлоғида яшовчи Илҳом Саидкамолов ёғочни қайта ишлаш ва ўймакорлик фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирган. Бироқ бошланғич сармоянинг йўқлиги унинг ўз лойиҳасини амалга оширишига тўсқинлик қилаётганди. Касб-ҳунар коллежини битираётган йигит энди тижорат банкидан 17 миллион сўм кредит маблағи олади. 

Хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган бир қатор ёшларнинг ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан боғлиқ муаммолари ҳам ишчи гуруҳи кўмагида ўз ечимини топди.

— Бир неча йилдан буён қуёнчилик ҳамда паррандачилик билан шуғулланиб келаяпман, — дейди “Омадбек Бўстон” фермер хўжалиги раҳбари Темурбек Мўминов. — Россия ва Қозоғистондан олиб келинган зотли қуёнлар ҳам тез кўпаяди, ҳам тез семиради. Африканинг “Цесарка” зотли ёввойи паррандасидан тўртта бор. Энди туяқуш ҳам боқмоқчиман. Аммо жониворларни парваришлаш, озуқасини етиштириш учун ер керак эди. Мазкур муаммо ишчи гуруҳ томонидан ҳал этиб берилди. Менга бир гектар ер ажратиладиган бўлди.

“Норин қалдирғочи” хусусий корхонаси болалар аравачалари, кичкинтойлар учун мебеллар тайёрлашга ихтисослаштирилган. Тадбиркорлик субъекти бундан бир неча йил аввал ўзи тайёрлаган миллий бешиклар билан экспортга чиққанини кўпчилик яхши эслайди. Аммо ишлаб чиқариш майдони йўқлиги боис ушбу жамоа қатор муаммоларга дуч келмоқда. Хусусан, ижарага олинган жой анча тор. Шароитни кўрган ишчи гуруҳи маҳаллий ҳокимият билан кенгашиб, туман марказидаги фойдаланилмай турган бинони корхонага бериш масаласини кун тартибига қўйди. Ҳаққулобод шаҳридаги яна бир бўш турган бино мебелсозлик билан шуғулланиб келаётган ўнга яқин ҳунармандларга “ноль” харид қийматида бериладиган бўлди.

Юқори Чўжа маҳалласидаги учрашувда хусусий тадбиркор Элёр Олимов тасарруфида ўнлаб тикув машиналари борлиги, бироқ буюртмачи ҳамкор топишга қийналаётганини айтиб, маҳсулотлари намунасини кўрсатди.

— Мана, биз сизга ҳамкор бўламиз, — деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев. — Бошланишига Наманган вилоятидаги тенгдошларингиз учун минг дона футболка тикиб беринг. Кейин навбатдаги буюртмаларни оласиз.

11 май куни Ҳаққулобод ёшлар боғида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Норин тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида ташкил қилинган бўш иш ўринлари ярмаркасида иштирокчиларнинг аксарияти доимий меҳнат жойига эга бўлишди. Ушбу тадбирда Учқўрғон ҳамда Норин туманлари ва Наманган шаҳрида фаолият юритаётган 230 га яқин корхона ҳамда ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари 3000 дан ортиқ бўш иш ўринларини тақдим этишди. Пировардида 1408 нафар йигит-қизга ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, ярмаркада 8 та тижорат банки томонидан кредит олиш истагида бўлган 248 нафар фуқаро рўйхатга олинди. Бундан ташқари, чет элда ишламоқчи бўлган 61 кишига Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Наманган вилояти филиали томонидан ташкилий равишда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича маслаҳат берилди.

“Обод кўнгил” лойиҳаси доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда ички ишлар профилактик ҳисобида турувчи ёшлардан 85 нафари Тўрақўрғон туманидаги “Исҳоқхон тўра Ибрат” мажмуасига саёҳатга олиб борилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан тақдим қилинган яна бир лойиҳа туман ёшларининг ахборотга бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятга молик. Гап шундаки, бу ерда иш бошлаган “Ёшлар почтаси” тармоғи фаолиятини Кенгаш молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган бўлди. 10 нафар хабарчига бепул велосипед тақдим этилди. Энди улар “Халқ сўзи” ва “Ёшлар овози” газеталари, “Дугоналар” ҳамда “Ёш куч” журналларининг туман аҳли учун расмийлаштирилган бепул нусхаларини тезкорлик билан жойларга етказишади.

— Норинда эсаётган ўзгариш шамолларидан ҳамма хурсанд, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Раҳима Расулова. — Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборга жавобан аҳолининг ташаббускорлиги, ҳудуд тараққиётига масъулияти ортаяпти. Маҳалласи ободлиги йўлида фидойилик кўрсатаётганлар ибрати бунга мисол. Жумладан, ҳаққулободлик тадбиркор Даврон Зайлобиддинов туман марказидаги боғда аквапарк қуриш таклифи билан чиқди. Икки нафар ишбилармон эса ўзи яшаётган ҳудудда кутубхона ташкил қилмоқчи.

Ишчи гуруҳининг туман қишлоқларидаги фаолияти давом этаяпти. Бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар самараси эса норинлик ёшлар ҳаётини янада яхшилаш, уларнинг бугунидан рози бўлишини таъминлаш ҳамда эртанги кунга ишончини оширишга хизмат қилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер