Мулкдорлар суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилмайди

18:22 08 Январь 2024 Жамият
428 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор, жумладан, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланишига қаратилган муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Депутатлар қонун лойиҳаларини партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқдилар ва уларни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

Айниқса, «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.

Таъкидланганидек, мулк дахлсизлиги ҳар кимнинг ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга эканидир. Бу ҳуқуқ одамларга ўз мулкидан қандай фойдаланишни эркин танлаш имконини беради ва қонун олдида тенгликни яратади. Шу боис, мамлакатимизда хусусий мулк ва унга бўлган ҳуқуқлар дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклашга доир тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу бир неча йиллардан буён жамиятимиздаги ўткир муаммолардан бирига айланган «снос» билан боғлиқ муаммога нисбатан оқилона ечим бўлди. Асосийси, суд қарорисиз уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқидан маҳрум қилинмаслиги, шунингдек иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шартлигининг белгиланиши «снос» деган муаммога бутунлай барҳам берди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилишига йўл қўйилмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ва у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланиши белгиланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз амалга оширишга, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни белгиланган тартибда қопланиши орқали хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланишига хизмат қилади.

Яъни, мулкдорларнинг суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилишига йўл қўйилмайди. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланади.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини қайд этдилар. Партия нуқтаи назарига кўра, хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш йўлида тўлиқ эркинлик бериш – мамлакат иқтисодий тизимини либераллаштиришнинг энг муҳим йўналишидир.

Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳадаги айрим нормалар бўйича асосли саволларни ўртага ташлашди ва уларга қонун ташаббускорлари томонидан атрофлича жавоблар олинди.

Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

—Қонун лойиҳасида касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида ташкил этилган дам олиш масканларини (дам олиш уйлари ва дам олиш зоналарини) мажбурий сертификатлаштириш талабидан ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдасини маълум муддатга фойда солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда, — деди Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Абдиев. — Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан йил давомида самарали фаолият юритиши, болаларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш, асосийси, йўлланмалар нархларини барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер