Муаммоларга шундай ечим топса ҳам бўлади!
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
Секторлар фаолиятидан
Фақат узоқ келажакдангина умидвор бўлиб яшаш даври ўтди. Халқимиз ислоҳотлар самарасини бугунги ҳаётида ҳис қилиб яшаши шарт! Бу — Президентимиз талаби! Шу боис ҳозир раҳбару мутасаддиларимиз маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамлар муаммоларини ўрганмоқда, дарду ташвишларига қулоқ тутишяпти. Навбатдаги босқичда эса ана шу масалаларга қисқа муддатда, жойида амалий ечим топилаётир. Бунда ҳудудларда фолият юритаётган секторлар ҳам ташаббускор, ҳам ижрочи вазифасини ўтамоқда.

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани 2-сектор ҳудудидамиз. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Албатта, муаммолар бор. Шу боис иш суръати қизғин. Муҳими, аҳолини қийнаётган масалалар бирма-бир ҳал этиб бориляпти.
Ҳазорасп тумани прокурори Руслан Жуманиязов — 2-сектор раҳбари. Уни янги чора-тадбирлар муҳокамаси жараёнида учратдик. Прокурорнинг таъкидлашича, ҳудудда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да шакллантирилган рўйхатлар асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида одамлар тиргакка ҳар қачонгидан кўпроқ эҳтиёж сезди. Давлат эса уларнинг ҳеч бирини эътибордан четда қолдиргани йўқ. Шу сабабли 2-секторга қарашли моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 524 та оила “Темир дафтар”га киритилди. Натижада жами 2123 нафар фуқарони давлат қаноти ва қарамоғига олди.
Бундан ташқари, шукрки, жойларда савобталаб ва саховатпеша инсонлар сафи кенг. Шундай ҳожатбарор тадбиркорлик субъектлари вакилларидан 113 нафари қийналган маҳалладошлари ва тумандошларидан бир гуруҳига ҳомий сифатида бириктирилди. Натижада 1365 та ҳолатда 1 млрд. 325 млн. сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Маълумки, муҳтожлик ишсизлик оқибатида келиб чиқади. Доимий даромад йўқ оилада эса муаммолар кўлами катталашиб бораверади. Шу боис, 2-сектор мутасаддилари, аввало, эҳтиёжманд оилалардаги ишсизлар сонини аниқлашди. Улар 563 нафар экан. Сўнг ана шу фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича “Йўл харита”лари тайёрланди. Унга кўра, жами 218 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 345 нафарининг эса ўзини-ўзи банд қилиши таъминланди. Натижа қандай бўлди, дейсизми? 485 та камбағал оиланинг рўзғорига барака кирди, моддий аҳволи яхшиланди. Кўп ўтмай улар камбағал оилалар сафидан чиқди.

— Ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди сектор раҳбари, Ҳазорасп тумани прокурори Руслан Жуманиязов. — Бизга қарашли ҳудудда 1430 йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган. Амалий саъй-ҳаракатларимиз туфайли улардан 1215 нафари, яъни 85 фоизининг муаммолари ҳал этилди. Иш излаб юрган ука-сингилларимизнинг 733 нафарига 183,2 гектар ер майдони, 33 нафарига жами 561,6 млн. сўм кредит ажратиб берилди. Шу билан бирга, 14 нафарини касб-ҳунарга ўқитдик. 34 нафар йигит-қиз муносиб иш жойини топган бўлса, 78 нафари “1+1” лойиҳаси асосида тадбиркорларга бириктирилди. 179 нафар ёшнинг эса ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммолари ҳал этилди.

Опа-сингилларимиз — ҳаётимиз файзи. Уларнинг муаммоларини ҳал этмай туриб, оилаларда фаровонлик муҳитини яратиш имконсиз. Айни сабабдан 2-сектор ҳудудида “Аёллар дафтари”га киритилган 943 нафар хотин-қиз билан доимий иш олиб борилиб, 942 нафари, яъни қарийб барчаси муаммоли масалаларига ечим топилганидан мамнун бўлишди. Жумладан, 456 нафар ишсиз аёл доимий даромад манбаига эга бўлди. Касб-ҳунар ўрганиш истагидаги 162 нафар хотин-қизнинг барчаси ўқув курсини тугатиб, сертификатга эга бўлди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганлар ҳам кўмакдан бебаҳра қолишмади. Яъни шу мақсадда амалий ёрдам сўраган 93 нафар хотин-қизнинг 92 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. Томорқасидан даромад олиш истагини билдирган 26 нафар аёлга ҳам шундай кўмак кўрсатилди.

Қолаверса, боқувчисини йўқотган 100 нафар, ижтимоий ҳимояга муҳтож 71 нафар, уй-жойи ўта таъмирталаб 4 нафар, қаромоғида бир ва ундан ортиқ ногирон фарзанди бўлган 9 нафар, тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор 12 нафар ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётида ҳис этишди. Ҳуқуқий ва психологик ёрдам олган 10 нафар хотин-қиздан ҳам ҳозир худди шундай миннатдорлик сўзларини эшитишингиз мумкин.
Албатта, эзгулик йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар изсиз кетаётгани йўқ. Мана, қисқа муддатда сектор бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 943 нафар аёлдан 395 нафари ёки 41 фоизи кўмакка муҳтожлар сафидан чиқарилди.
Сектор фаолияти фақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан чекланаётган экан-да, деб ўйласангиз, янглишасиз. Туманда “Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари ҳам жуда қизғин паллага кирган. Хусусан, “Алоқали кўл” ва “Оқ майдон” маҳаллалари қиёфасини ҳадемай танимай қолсангиз ажаб эмас.

“Оқ майдон” —2-сектор ҳудудида жойлашган маҳалла. Бу ерда давлат дастурини амалга ошириш учун жами 24,7 млрд. миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган. 2,2 км узунликдаги ички йўлларга асфальт-бетон ётқизилиши, 16,1 км масофадаги кўчалар қум-шағал билан қопланиши, 10 км масофага тенг ичимлик суви тармоғи, 7 км. электр энергияси тармоғи тортилиши, 1 та ичимлик сув иншооти қурилиши, 2 та трансформатор ўрнатилиб, 1,2 км янгидан пиёда йўлаклари, 2 та автобекат, 1 та янги жамоат транспорти йўналиши ташкил қилиниши, маҳалладаги 2 та мактаб мукаммал таьмирланиши, 2 та савдо мажмуалари ишга туширилиши ҳазилакам ишлар эмас, албатта.
Ҳозир амалий ишлар бошлаб юборилган. Дастур доирасида Беруний кўчасига 2,2 км асфальт-бетон қопламалар ётқизилди. Электр энергияси трансформатори ишга туширилди. Ичимлик суви тармоғини тортиш ишларига ҳам киришилган.

Саноат маҳалласидаги 2-секторга қарашли 8-сонли, 140 ўринли мактабгача таълим муассасаси 1992 йилда қурилган. Ҳозир эса таъмирталаб аҳволда. Қолаверса, 802 нафар бола ушбу боғчага жойлашиш учун навбатга қўйилган. Шу сабабли бу манзилда ҳам 2-сектор раҳбари Р.Жуманиязов ташаббуси билан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.
Бундан ташқари, 2-сектор ҳудудида жойлашган бозорларда жиноятчиликни олдини олиш мақсадида 10-сонли ички ишлар бўлинмаси ташкил қилинди. Савдо манзилларига 32 та видеокузатув камераси ўрнатилиб, мазкур ички ишлар бўлинмасига интеграция қилинди.

Шунингдек, Р.Жуманиязов томонидан кўрилган амалий ва ҳуқуқий ёрдамлар натижасида сектор ҳудудидаги “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи фуқаро О.Эгамбердиев томонидан “Тўрабек Диёрбек” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилиб, 15 та иш ўрни яратилди. Бугунги кунда ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан мих, каучук шланг каби қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариляпти.
Излаган имкон топар, дейди халқимиз. Хазорасп туманидаги 2-сектор мутасаддилари бу кўҳна ҳикматнинг нақадар ҳақиқат эканлигини исбот этишнинг уддасидан чиқишмоқда.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг