Муаммолар янги тизим ва ёндашувлар асосида ҳал этилмоқда
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси ҳудудлар ривожи ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутяпти.
Хусусан, ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Пахтаобод тумани ҳудудидаги олтмишдан ортиқ маҳаллалар тўртта сектор раҳбарларига бириктирилган бўлиб, шундан 11 таси Пахтаобод туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудуди этиб белгиланган. Маҳаллаларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар штаблари ташкил этилган.

Бугунги кунда 2-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида 10 минг 382 та оила истиқомат қилади. Сектор раҳбари ва масъуллари ана шуларда яшовчи ҳар бир фуқарога масъулдир. Хусусан, ҳудудда 993 нафар ишсиз фуқарога ғалладан бўшаган 99,3 га. қишлоқ хўжалиги ерлари такрорий экин экиш учун ажратиб берилиб, бандлиги таъминланди. Шунингдек, ушбу 993 нафар фуқаронинг ҳар бирига 200 кг.дан жами 198 тонна 600 кг. буғдой тарқатилди.
Маҳаллабай ишлаш тизимли дастури доирасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маҳалланинг ўсиш нуқтасини аниқлаш ҳамда инфратузилмасини яхшилашда маҳаллабай ишлаш тизими дастлабки натижаларни бера бошлади.
Аҳолини тадбиркорликка хоҳиш-истаги борларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, кредит олишида кўмаклашилмоқда. Бугунги кунга қадар, хонадонбай юриш натижасида 6 962 та хонадон тўлиқ ўрганилиб, шундан оғир маҳалла, деб танлаб олинган “Ҳаётбахш” ва “Қайир” МФЙлар ҳудудида хатлов жараёнлари ўтказилди.
Хатлов маълумотларига кўра, маҳаллаларнинг 4 та ўсиш нуқталари бўйича 112 та иссиқхона, 87 та тикувчилик, 78 та парранда, 63 та чорвачилик йўналишлари бўйича фуқаролар томонидан қизиқишлар билдирилган. Шундан ҳозирги кунда 75 та иссиқхона (739 млн. сўмлик), 84 та тикув дастгоҳлари ( 924 млн. сўмлик), 780 та парранда (156 млн. сўмлик), 56 та (1 млрд. 575 млн. сўмлик) фуқароларга тарқатилди.
Маҳаллаларнинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиб келинмоқда. Бугунги кунда 301 нафар фуқарога 6 млрд. 987 млн. сўмлик кредит ажратилди.
Бундан ташқари, “Қорақўрғон” МФЙ Қорақўрғон кўчасида яшовчи “аёллар дафтари” рўйхатида турувчи фуқаро Ш.Омоновага ҳунармандчилигини ривожлантириш мақсадида 5 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди. Натижада 3 нафар “аёллар дафтари” ва “темир дафтар”да турувчи фуқаролар бандлиги таъминланган. Ҳозирда ушбу фуқаролар уй-шароитида ҳунармандчилик билан шуғулланиши натижасида ҳар ойда 800 — 900 минг сўмдан ортиқ даромад олиб келишмоқда.

Пахтаобод туманимиз маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи жами 1212 нафар имконияти чекланган фуқаролар хатловдан ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг 9 ой давомида туман ҳудудидаги кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг 117 нафарига ногиронлар аравачаси, 87 нафарига эшитиш мосламаси, 7 нафарига ҳасса, 25 нафарига қўлтиқтаёқ берилди.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан имконияти чекланган ногиронлиги мавжуд фуқароларнинг аниқланган муаммолари ҳамда сектор фаолиятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан бу борада чиқарилган қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан амалий ишлар давом эттириляпти.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жорий йилда 483 нафар ўқувчилар 11-синфни тамомладилар. Шундан 246 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, 37 нафари кредит маблағлари ҳисобига тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйди, 42 нафари касб-ҳунар мактабларига қабул қилинди, 15 нафари ташкилот муассасаларга ишга қабул қилинди, 112 нафар битирувчилар ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди. Қолган 31 нафар битирувчиларни бандлигини таъминлаш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ой давомида сектор ҳудудида 9 та ЯТТ, 2 та юридик шахслар фаолиятини вақтинча тўхтатилган бўлиб, уларни қайта ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Шундан 3 та юридик шахс ва 16 та ЯТТ фаолияти қайта тикланди. Хусусан, сектор ҳудудида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Нурдиёр” МФЙда яшовчи фуқаро Н.Мухторовга субсидия асосида 122 млн. сўм ажратилиб, 24 та тикувчилик дастгоҳи олиб берилди. Ҳозирги кунда тадбиркор Н.Мухторов томонидан “JIA YOU WAN” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил қилиниб, сектор ҳудудидаги “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “темир дафтар”даги 27 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминламоқда.
Бир мисол, “Қорақўрғон” МФЙда истиқомат қилувчи “аёллар дафтари”да мавжуд фуқаро Ж.Маматқулованинг бандлигини таъминлаш мақсадида 30 млн. сўм кредит ажратилиб, уй боғчаси ташкил қилинди. Натижада 25 нафар мактабгача ёшдаги болалар қамраб олиниб, “аёллар дафтари”даги 2 нафар шахслар иш билан таъминланди.
Бундан ташқари, сектор ҳудудида истиқомат қилувчи “аёллар дафтари” ва “темир дафтар”да турувчи 10 нафар фуқарога ҳар бирига 10 донадан жами 100 дона наслли парранда тарқатилди.
Бундай мисоллар жуда кўп, албатта. Мисол учун, сектор раҳбари ташаббуси билан “Қорақўрғон” МФЙда жойлашган 39-умумтаълим мактаби биноси фасад қисми 40 млн. сўм ҳисобига тўлиқ таъмирланди, бинони иссиқлик тизими 15 млн. сўм ҳисобига таъмирлаб берилди. Шу каби, “Нурдиёр” МФЙда жойлашган 46-умумтаълим мактаби биносини ташқи фасад ва хожатхонаси 134 млн. сўмга таъмирдан чиқарилиб, ўқув йили бошланишига фойдаланишга топширилди.
Дарвоқе, сектор ҳудудида жами 11 та МФЙ мавжуд бўлиб уларнинг шарт-шароитлари ўрганилди. Сектор ҳудудидаги “Қорақўрғон” ва “Ҳаётбахш” МФЙ таъмирталаб аҳволда экани ҳамда “Учкўза” МФЙ ўзининг маъмурий биноси мавжуд эмаслиги аниқланди.

Ҳозирда “Ҳаётбахш” ва “Қорақўрғон” МФЙ бинолари ҳомийлик асосида қайтадан қурилиш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди. Эндиликда шу тартибда сектор ҳудудидаги қолган МФЙ хизмат бинолари ҳам жорий йил якунига қадар қайтадан қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Пахтаобод тумани 2-сектор ҳудудидаги фуқароларни кунлик эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда коммунал соҳасида ҳам кўплаб ишлар олиб борилди. Хусусан, 2 сектор ҳудудида мавжуд 11 та МФЙларига Пахтаобод туман газ идораси томонидан шу йил ўтган 9 ойда жами 620 320 кг. суюлтирилган газ етказиб берилган. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига сектор ҳудудида яшовчи 78 нафар фуқарога жами 78 дона маиший газ баллони вақтинчалик фойдаланиб туриш учун ижара шартномаси асосида аҳоли истеъмолчиларига етказиб берилди.
Бундан ташқари, “Навбаҳор” ва “Бўстонобод” МФЙлардаги ўрта босимли газ тармоқларида таъмирлаш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилиб, 1.6 км. газ тармоқларини бўёқлаш ва 1 дона газ тақсимлаш қурилмасини техник таъмирлаш ва бўёқлаш ишлари олиб борилди.
Сектор ҳудудидаги “Қорақўрғон” МФЙ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлиб, дастур доирасида 10,3 км. ичимлик суви тармоғи, ички йўллар бўйича асфальт 6,8 км., шағаллаш 4,8 км. ва 7,2 км. электр тармоқ тортиш ҳамда 2 дона электр тақсимлаш пункити ўрнатиш белгиланган. Ҳозирда ушбу ҳудудда белгиланган ишларни 95 фоиз қисми амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир маҳалла бўйича амалга ошириш лозим бўлган ишларини янада жадаллаштириш, пандемия даврида даромадсиз қолган оилаларни ўрганиб, уларни шароитларини яхшилаш ва ҳар томонлама кўмак бериш, камбағалликни қисқартириш сектор фаолларининг диққат-марказида.
Ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш янги ишчи ўринларини яратиш мақсадида “темир дафтар” “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган оилалар бўйича аниқ режалар тузилиб жадал суръатларда ишлар борилмоқда. Бу борадаги ишларни тизимли равишда давом эттирилмоқда.
“Халқ сўзи”.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг