Муаммолар нега «болалаб» кетмоқда?

17:39 29 Апрель 2021 Жамият
1194 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали қошида «Келажак лидерлари» клуби фаолияти йўлга қўйилди.

Илк маротаба тажриба-синов тариқасида ташкил этилган ушбу клубда давлат хизмати учун янги авлод ва раҳбарлик лавозимларига ёш истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсад қилинган.

— Клубни ташкил этиш ташаббусини давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва Ёшлар форумидаги нутқида илгари сурган эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий филиали директори Рустам Қобилов. — Клуб аъзолари тўрт босқичдан иборат саралаш босқичлари орқали танлаб олинади. Илк танловга 518 та ёшнинг ҳужжати қабул қилинди. Номзодлар орасидан энг муносиб 50 нафар лидер ёшлар клуб аъзолигига қабул қилинди. Уларнинг 18 нафари олий таълим муассасалари талабаси бўлса, 32 нафари ёш давлат фуқаролик хизматчиларидир.

Айтиш жоизки, эндиликда сараланган ёшлар ўз фаолиятлари давомида жамият тараққиётига ғов бўлаётган муаммоларни ўз фуқаролик позициясини намоён қилган ҳолда бартараф қилишга ҳаракат қилишлари керак. Бунда лидерлар муаммоларни «юқори»га кўтариб чиқиш эмас, балки уларга жойида ечим топиши талаб этилади. Улар фаолияти эса баҳоланиб борилади.

— Давлат бошқаруви тизимида раҳбарлик кўникмаси ва стратегик мақсадларига эга, муаммоларнинг илдизига чуқур кириб бора оладиган, юқори салоҳиятли кадрлар жамиятимиздаги мавжуд масалаларга ечим топишнинг самарали йўли, — дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси бош мутахассиси, клуб аъзоси Дилнур Aъзамов.

ТAТУ Самарқанд филиали магистранти Ботир Бахтиёровнинг маълум қилишича, жамиятда ечимини кутаётган муаммолар кўп. Улар оммавий ахборот воситалари орқали, ижтимоий тармоқларда аёвсиз олиб чиқилмоқда. Биласизми, масалаларнинг «болалаб» кетаётганлиги қуйи бўғиндаги раҳбар кадрларнинг бошқарув тизимига оид билим ва малакаси етарли эмаслигида, деб ўйлайман. Биз, лидерлар аҳолини қийнаётган муаммолар билан ишлаб, уларга ечим топишни ўрганишимиз ва амалиётда буни исботлашимиз керак. Клуб мана шу жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.

Сарвиноз ТУРСУНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти аъзоси,
ЎзЖОКУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер