Муаммолар ечимини топаяптими?

Айни пайтда парламент аъзоларининг ҳудудларда ўтказаётган очиқ мулоқотлари чоғида одамларни ўйлантираётган масалалар масъул мутасаддилар иштирокида ўз ечимини топмоқда.
Чунончи, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани аҳолиси халқ вакиллари билан учрашувлари очиқ ва самимий ўтаётганидан мамнун бўлишаяпти.
— Депутатларнинг уйма-уй юриб, ҳолимиздан хабар олаётгани, тадбиркорлик фаолиятимизни қўллаб-қувватлаётгани бизни катта ишлар сари руҳлантирмоқда, — дейди Ойбек номидаги маҳаллада яшовчи Малоҳат Йўлдошева. — Мисол учун, ўзим боғдорчиликни ривожлантириш мақсадида кредит олишга қийналиб юрган эдим. Депутатлар билан бирга, туман солиқ идораси бошлиғи ҳам бу ишга бош қўшди. Ишим ижобий ҳал этиладиган бўлди, ҳозирги пайтда кредит ҳужжатларини расмийлаштираяпман.
Халқ вакиллари туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятини ҳам атрофлича таҳлил қилишди. Аниқланганидек, муассасанинг болалар бўлимида дори-дармон воситалари, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида катта ҳамда кичик жарроҳлик жамламалари етишмайди.
Шунингдек, ўрганишларда тижорат банклари томонидан паррандачилик, боғдорчилик, асаларичилик ва чорвачилик соҳасига кредитлар ажратишда сусткашликка йўл қўйилаётгани, узумзорлар, ёнғоқзорлар, лимонарийларни ташкил этиш бўйича тарғибот ишлари талаб даражасида эмаслиги аён бўлди. Бандлик, транспорт ҳамда йўллар ҳолати, бозорлар, савдо ва маиший хизмат соҳаларида ҳам муаммолар талайгина.
Оқбулоқ маҳалласидаги 15-мактабда бошланғич синфлар учун хоналар етишмаслиги сабабли ўқувчилар уч сменада таҳсил олишмоқда. Натижада болаларнинг жуда кеч дарсдан қайтаётгани ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Шу ҳамда бошқа муаммоларни тезлик билан бартараф қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Парламент аъзолари Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани аҳолиси билан мулоқотлари давомида бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратишди. Бу халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ўрганишлар давомида 483 та хонадонга ташриф буюриб, 330 та масала рўйхатга олинган. Аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, улардан 136 таси жойида ҳал этилди, 14 та масала вилоят даражасида, 6 таси республика миқёсида ечилиши лозимлиги сабабли тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
Хусусан, 40 га яқин хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари етказилди, 10-умумтаълим мактаби компьютер жамламаси билан, 6-мактабгача таълим муассасаси эса қўшимча 30 нафар бола учун каравотлар, идиш-товоқлар ва гиламлар билан таъминланди, 20 га яқин фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Ишламай турган дренаж коллекторлари қайта кўриб чиқилиб, уларни ишга тушириш масаласи ҳал қилинди. Тумандаги бир қатор ижтимоий соҳа объектлари, яъни мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, тиббиёт муассасаларига туташ йўллардаги пиёдалар йўлакчалари ҳамда йўл белгилари янгиланди. Туманда янги фермер хўжалиги ташкил этилиб, қўшимча иш ўринлари яратилди.
Умуман олганда, ҳудудда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида бир қатор муаммолар ўз жойида ечимини топди. Бироқ таҳлилий ўрганишлар ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари раҳбариятининг фуқаролар билан ишлаш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасидаги фаолиятида камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Сессияда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тиббиётга оид камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бу бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларининг маълумотлари эшитилди. Айни чоғда туман солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбар бўлган тегишли секторда санитария-эпидемиологик ҳолатнинг ёмонлиги, ушбу масалага тегишли ташкилотлар жиддий эътибор қаратмаётгани танқид остига олинди.
Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари жойларда давом этмоқда.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг