Мониторинг: марказда хирургия ва озонотерапия билан даволаш бўлимлари очилган, лекин...
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев вилоятдаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига бориб, ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шароитларни ўрганди.
Аниқланишича, мазкур марказ 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, унга болалар боғчаси биноси ажратилиб, мослаштирилиб берилган. 55 ўринга эга бўлган ушбу муассасада йилига 1800 нафаргача ногиронлиги бўлган шахслар даволаниб келмоқда.
Ушбу марказ нафақат Навоий балки Бухоро вилоятидаги имконияти чекланган шахсларга ҳам реабилитация хизматини кўрсатмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати хабарига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2022 йилги инвестиция дастурига асосан 100 ўринга мўлжалланган 4-қаватли замонавий ихтисослашган марказ қурилиши кўзда тутилган.
Мониторинг доирасида Навоий вилояти Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ходимлари иштирокида жамоавий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганлиги ҳамда БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси ратификация қилинганлиги, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳуқуқларни таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинганлиги тўғрисида тадбир иштирокчиларига тушунчалар берилди.
Шунингдек учрашувда Марказ ходимлари томонидан қатор масалалар кўтарилди. Жумладан, марказда хирургия ва озонотерапия билан даволаш бўлимлари ташкил этилган бўлишига қарамай, автоклав аппаратларини ишлатиш ҳамда озонотерапия муолажаларини амалга ошириш учун мутахассислар олиш учун штат бирликлари ажратилмасдан келинаётгани маълум қилинди.
Муассасада даволанаётган имконияти чекланган шахслар томонидан Омбудсман минтақавий вакилига мурожаатлар келиб тушмади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг