“Молия вазирларининг иқлим бўйича коалицияси”га Ўзбекистон қўшилиш ташаббусини билдирди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши доирасида бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири, яъни “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва яшил ўсиш тамойилларини ҳаётнинг барча соҳаларига татбиқ этиш йўналишида ҳам тадбирлар кўзда тутилган. Бу борада, 2019 йилнинг апрель ойида ташкил этилган “Молия вазирларининг иқлим бўйича коалицияси”нинг ҳам яшил иқтисодиётни жорий этиш ва иқлим масалаларини ҳал этишда ўрни йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг 2 декабридаги «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-436 сон қарорида амалга оширилиши белгиланган ислоҳотлар юқорида айтиб ўтилган Хелсинки принципларига тўлиқ мос келади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу “Молия вазирларининг иқлим бўйича коалицияси”га қўшилиш ташаббусини билдирди.
Маълумот учун: Ҳозирда барча давлатлар ҳукуматлари, бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари “яшил” ўсиш принципларини фаол жорий этиш орқали иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ҳаракатларини бирлаштирмоқда. Бугунги кунда Коалицияга 80 дан ортиқ давлатларнинг молия вазирлари аъзо ҳисобланади.
Ушбу коалиция Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаши натижасида ташкил этилган бўлиб, асосий мақсади иқтисодий ва молиявий сиёсатни ишлаб чиқишда иқлим масалаларини ҳисобга олиш, иқлим билан боғлиқ асосий муаммолар бўйича хабардорликни ошириш, молия вазирликларида ушбу йўналишдаги салоҳиятини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришини олдини олиш бўйича глобал ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Коалиция доирасида илгари сурилаётган Хелсинки тамойиллари Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш Стратегиясида белгиланган устувор мақсадларига мос келади.
Хусусан, Хелсинки тамойилларига мувофиқ иқлим ўзгариши бўйича миллий ҳаракатларни фискал сиёсат ва давлат молиясини фаол жалб этган ҳолда амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар билан мутаносибдир.
Коалиция доирасида илгари сурилаётган Хелсинки принципларини қуйидагилардан иборат:
1. Сиёсат ва амалиётни Париж битими доирасида қабул қилинган мажбуриятларга мослаштириш;
2. Иқлим ўзгариши соҳасидаги тажриба ва амалий билимларни ўзаро алмашиш;
3. Самарали углерод савдосини йўлга қўйиш бўйича тегишли чоралар кўриш;
4. Макроиқтисодий сиёсат, фискал режалаштириш, бюджетлаштириш, давлат инвестицияларини бошқариш ва харидлар амалиётида иқлим ўзгаришини ҳисобга олиш;
5. Инвестициявий муҳитни осонлаштириш орқали иқлим масалаларини молиялаштириш учун хусусий манбаларини сафарбар қилиш;
6. Париж битими бўйича тақдим этилган миллий миқёсда белгиланган ҳиссаларини (NDC) шакллантириш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш.
Ўзбекистонда ҳам “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, Париж битими доирасида олинган мажбуриятларни бажариш,углерод савдоси бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида “яшил” тамойилларни кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг