Мўйноқдаги дарахт кўчатлари сони янада ортди

15:11 20 Ноябрь 2023 Жамият
322 0

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Парламент ва яшил макон” шиори остида дарахт экиш акцияси ўтказилди.

Унда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари Мўйноқ тумани кенгаши депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда экологик муаммолар глобал тус олган шароитда мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот олами вакилларини кафолатли ҳимоя қилиш, биологик хилма-хилликни асраб-авайлаш, энг муҳими, инсонларнинг қулай экологик муҳитда хавфсиз яшашини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган.

Боз устига сўнгги йилларда мамлакатимизда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, ҳудуднинг ҳам экологик, ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳолатини барқарорлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Орол денгизининг қуриши натижасида минтақада юзага келган ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни бартараф этишга эътибор кучайиб бормоқда. Бундан кўзланган мақсад Оролбўйи минтақасидаги аҳоли фаровонлигини таъминлаш, соғлиғини сақлаш, таълим тизимини ривожлантириш, халқни даромадларини кўпайтириш, ҳудуднинг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишдан иборат.

Сўнгги 6 йил ичида Орол денгизининг қуриган тубида 1 млн 800 минг гектар майдонда ўрмонлаштириш ишлари олиб борилди. Бугун денгизнинг қуриган тубида яшил қопламалар пайдо бўлди.

Натижада ҳудуднинг ҳам экологик, ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий барқарорлиги таъминланиб, минглаб янги иш ўринлари, янги тармоқ ва соҳалар яратилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонлаштириш масалалари жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта.

Иқлим ўзгариши кескинлашган, сув танқислиги, чўлланиш кундан кунга авж олаётган бир шароитда чўл ҳудудларида яшил қопламаларни кенгайтириш, иқлим мўътадиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Парламент томонидан ҳам экологик муаммолар хусусиятидан келиб чиқиб, Орол денгизининг қуришидан кўпроқ азият чекаётган ҳудудда яшил ҳудудларни кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар давомида “Оролга мадад” шиори остида қатор акциялар ўтказилган эди.

Бу галги ўтказилган акция ҳам кенг жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Акция доирасида ҳудуднинг иқлим шароитига мос бўлган 500 дан ортиқ дарахт ва буталар экилди.

Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер