Мўйноқда газ таъминотида узилишлар бўлмайди

17:43 17 Апрель 2020 Иқтисодиёт
1182 0

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалиб кетишининг олдини олиш сифатида жорий этилган карантин чоралари пайтида табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан шуғулланувчи корхоналарнинг бош шиори “Табиий ва суюлтирилган газ узлуксиз етказиб берилади” бўлмоқда.

“Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” масъулияти чекланган жамиятида ҳам халқимиз бошига тушган ушбу синовли кунларда истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли табиий ҳамда суюлтирилган газ билан таъминлашнинг барча чоралари кўрилган. Ташкилот таркибига кирувчи ҳар бир меҳнат жамоасида бевосита ишлаб чиқаришда банд бўлган ва масофадан ишлайдиган ходимларнинг рўйхати шакллантирилиб, иш графиги тасдиқланди. Бу ҳақда МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.

Республикамизниниг энг чекка туманларидан ҳисобланган Мўйноқ туманида сўнгги йилларда ҳамма соҳада мисли кўрилмаган даражада ўзгаришлар юз берилгани барчамизга маълум. Бугунги кунда “Мўйноқтумангаз” филиали томонидан аҳолини узликсиз табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда жами 3982 та хонадон табиий газдан фойдаланиб келмоқда. Истеъмолчиларга бир маромда табиий газ етказиб беришда газ қувурларининг соз ҳолатда бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Туманда айни вақтда филиалга қарашли 228,2 км. газ қувурлари мавжуд бўлиб, шундан 16,7 км. юқори босимли, 56,9 км. ўрта босимли ва 154,6 км. паст босимли ҳисобланиб, туман бўйича 120 дона газ тақсимлаш пункти мавжуд. Газ сизиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш, техник носозлик кузатилмаслигини таъминлаш учун филиал ходимлари томонидан ушбу газ қувурлари белгиланган муддатларда техник назоратдан ўтказилиб, зарур ҳолларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, туманда 1257 та хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилади. Карантин даврида ҳеч бир хонадон назардан четда қолмайди ва бунинг учун филиал томонидан барча зарурий чоралар кўрилган. Туманнинг энг чекка қишлоқларидаги истеъмолчиларга газ баллонларини етказиб бериш тасдиқланган режа-жадвал асосида, тўлиқ ҳажмда амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда “Мўйноқтумангаз” филиали жамоси аҳолини бир маромда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашда кўрсатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, меҳнат қилишяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер