Мисрда Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғотит турк" асари араб алифбосида қайта чоп этилди

13:03 24 Март 2025 Жамият
472 0

Туркий халқлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Маҳмуд Кошғарийнинг "Девону луғотит турк" асари Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан Қоҳира университети профессори Самия Муҳаммад Жалол Бадавий томонидан илк маротаба замонавий араб тили алифбосида қайта чоп этилган.

Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги маълум қилди.

Хабарга кўра асарнинг қўлёзма нусхасида туркий сўзлар бўғинлар ва ҳарфлар сони асосида сараланганлиги боис ёш тадқиқотчилар учун қийинчилик туғдираётган эди. Ушбу ноёб китобнинг тизимлаштирилган нашри Ўзбекистон ва бошқа туркий ҳамда араб давлатларидаги йирик университетлар ва кутубхоналарга етказилади. Рангли қоғозда чоп этилган китоб муқовасида Маҳмуд Кошғарийнинг дунё харитаси акс эттирилган. Китобхонлар мазкур асар таржимаси билан бевосита танишишлари учун китоблар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университетига тақдим этилади.

"Девону луғотит турк" Маҳмуд Кошғарийнинг туркий тиллар ҳақидаги қомусий асари бўлиб, унда XI асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё ҳудудида истиқомат қилган туркий уруғ ва қабилалар, уларнинг ижтимоий аҳволи, тили, тарихи, шеър ва мақоллари, урф-одатлари, бу ҳудуднинг географияси, метрологияси ва астрономиясига оид қимматли маълумотлар ёзиб қолдирилган. Асарда 8 мингдан ортиқ туркий сўзлар келтирилган бўлиб, уларни тўғри талаффуз қилиш мақсадида арабча ҳаракатлардан фойдаланилган.

Маҳмуд Қошғарийнинг туркий адабиётдаги бебаҳо асарлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс даври экспозициясидан ўрин олиши режалаштирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер