Мирзо Улуғбекнинг муносиб вориси
Фото: Халқ сўзи
Қадим тарихга эга кулолчилик маданияти билан етти иқлимда машҳур Риштон тумани кўплаб олиму фузалоларга ҳам бешик бўлган гўшадир. Бугунги кунда мамлакатимиз номини дунёга танитаётган риштонлик Муҳаммадазиз Содиров аждодларнинг муносиб вориси сифатида эътирофга лойиқ.

Бу йил Риштон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 27-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 5-синфини аъло баҳоларга тамомлаган Муҳаммадазиз ментал арифметикаси бўйича ўтказилган бир қатор мусобақаларда ғолиб бўлишга улгурди. У 2017, 2019, 2021 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган мусобақалар чемпиони, 2018 йили Россиянинг Москва шаҳрида ўтган халқаро мусобақа ғолиби бўлди. 2019 йили Хитойда дунёнинг 50 га яқин давлатидан 650 нафар ўқувчи иштирок этган Aloha mental arithmetic халқаро мусобақасида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Ҳозирда Испанияда бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақага жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Яқинда инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида бир гуруҳ олимлар, вазирлик мутасаддилари 27-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига ташриф буюриб, турли халқаро танловлардаги ютуқлари, ноёб қобилияти учун Муҳаммадазизга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширишди.
Мактаб ўқувчилари иштирокидаги учрашувда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси томонидан ўтказилаётган «Мирзо Улуғбек ворислари» Республика танлови ҳайъати аъзоларининг қарорига мувофиқ, Муҳаммадазиз Содиров «Энг ёш Мирзо Улуғбек вориси» номинацияси ғолиби бўлгани тантанали равишда эълон қилинди.
— Билим масканида таълим-тарбия олаётган 2165 нафар ўқувчиларимизнинг аксарияти худди Муҳаммадазиз сингари аниқ фанларни ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганиш ва спорт соҳасида қувонарли ютуқларга эришмоқда, — дейди мактаб директори Ҳакимахон Мадалиева. — Мактабимизда ташкил этилган бу йилги сўнгги қўнғироқ тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг Риштон тумани босқичи ғолиби бўлган педагогик жамоамизга Президент соврини — 100 миллион сўм пул мукофотини тақдим этди. Шунингдек, муддатидан олдин нуфузли хорижий олий таълим муассасалари талабаси бўлган беш нафар битирувчи ўқувчиларимиз, мактабимиз фахри Муҳаммадазиз Содиров, қўл жанги бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати совриндори Абдулазиз Абдухалилов каби бир гуруҳ ўқувчилар, устозлар вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Айтгандай, Муҳаммадазизнинг бувиси Мадина Зуфарова узоқ йиллар мазкур мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Оилада маърифатга, ўқиб-изланишга иштиёқ, рағбат ва интилиш кучли экани ёш Муҳаммадазизнинг илм йўлида дадил ва салмоқли ютуқларига замин яратган бўлса, не ажаб.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг