Мингбулоқдаги «Қўғаликўли»га сув келди

11:27 28 Ноябрь 2022 Жамият
470 0

Иллюстратив фото

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани марказидан анча олисда жойлашган «Қўғаликўли» маҳалла фуқаролар йиғинида беш мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Яқин вақтгача инфратузилманинг асосий тизимлари муаммо бўлиб келган ҳудуд аҳли жорий йилда «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари шарофати билан муносиб турмуш кечириш имкониятларига эга бўлди.

— Биринчи навбатда узоқ йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган ичимлик сув муаммоси ечимини топди, — дейди МФЙ раиси Қаҳрамон Мамарасулов. — Айни мақсад учун 4,5 миллиард сўм сармоя йўналтирилиб, 35 километр узунликда янги тармоқ тортилди, учта сув таъминлаш иншооти ишга туширилди. Бу билан мавжуд 1010 та хонадоннинг барчасига тоза «оби ҳаёт» кириб борди.

Маҳаллада дастурга мувофиқ ажратилган 12 миллиард сўм маблағ ҳисобига худуддаги 8-умумтаълим мактаби ва 22- МТМ бинолари реконструкциядан чиқариляпти. Бундан ташқари 7,8 километр узунликдаги ички йўлларда шағал ва асфальт ётқизиш ишлари бажарилмоқда. Айни пайтда 2,5 километр йўл бетонлаштириляпти. Бир сўз билан айтганда, қўғаликўлликлар Янги йил байрамини ўзгача кайфиятда кутиб олишмоқда.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер