Минг нафардан ортиқ талаба ишли бўлди

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 2017-2018 ўқув йили битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида тармоқ ташкилотлари ўртасида ишга қабул қилиш бўйича ўзаро меҳнат шартномалари имзоланди.
Бу йил институтни 21 та бакалавриат йўналиши, 12 та магистратура йўналиши бўйича жами 1083 нафар талаба ўқишни тамомлайди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Персонални бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси томонидан темир йўл корхона ва ташкилотларининг ёш мутахассисларга бўлган эҳтиёжи атрофлича ўрганиб чиқилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, битирувчилар ишга жойлаштирилди.
— Маълумки, бугунги кунда тизим кўлами кенгайиб бормоқда, —дейди "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Персоналларни бошқариш ва кадрларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Олламов. —Хусусан, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти ҳамда “Тошкент метрополитени” унитар корхонасининг тармоқ тасарруфига ўтиши билан соҳа мутахассисларига талаб ортди.
Битирувчилар, асосан, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва тизим бирликларига ишга тақсимланади. Бундан ташқари, мутахассисларга “Навоий тоғ-металлургия комбинати” “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятлари каби саноат корхоналарида ҳам эҳтиёж мавжуд.
Тақсимот комиссияси томонидан олиб борилган ишлар якунига кўра, институтни 2017-2018 ўқув йилида битирувчи бакалавр ва магистрлар 100 фоизи иш билан таъминланди.
— Институтни тамомлагач, иш фаолиятимни “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасида бошлайдиган бўлдим, — дейди “Қурилиш” факультети битирувчиси Элбек Носиров. — Ишлаб чиқариш амалиётимни айнан шу ерда ўтаган эдим. Уч томонлама келишув туфайли шундай натижага эришдим.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг