Миллий журналистика: истиқболли режалар муҳокама қилинди

19:23 24 Ноябрь 2023 Жамият
272 0

ЎзМУ Ахборот-ресурс марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ҳамкорлигида “Миллий журналистика: анъана, назария ва амалиёт уйғунлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъуллари, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбирни ЎзМУ журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида журналист кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу йўналишда университетнинг роли хусусида сўз юритди.

Таъкидланганидек, Марказий Осиёнинг тўнғич олий таълим муассасаси бўлмиш Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида журналист кадрларни тайёрлаш ўтган асрнинг 40 йилларида бошланган. Узоқ ва машаққатли, шонли тарихда бу даргоҳдан минглаб ўз касбининг фидойилари етишиб чиққан. Бугунги кунда ЎзМУ журналистика факультетида миллий медиа соҳани ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, профессионал таълим йўналишларида илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш, журналистика соҳасининг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий медиатехнологияларни чуқур ўзлаштирган журналист кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

— Барча соҳа, жумладан, журналистика ривожи ҳам бевосита кадрлар салоҳиятига боғлиқ. — дейди ЎзМУ журналистика факультети декани ўринбосари Равшанжон Омонов. — Тезкорлик билан ривожланаётган ҳозирги даврда ҳар томонлама профессионал журналист кадрларга эҳтиёж катта. Журналистика ўқитилаётган олий ўқув юртларида илмий салоҳият кўрсаткичлари юқорилаб бораётгани, назария ва амалиётнинг уйғун ташкил этилаётгани, илмий изланишлар қилаётганлар орасида ёшлар кўплиги қувонарли, албатта.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов “Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва ЎзМУ журналистика факультети ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги маърузасида Уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари, журналист кадрларни тайёрлаётган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари, Уюшма қошидаги “Ёш журналистлар” кенгаши, ОАВ ва уюшманинг ҳудудий бўлимлари қошида фаолият олиб бораётган “Маҳорат мактаблари” ва “Ёш журналистлар” тўгараклари хусусида тўхталди.

Давра суҳбати баҳс-мунозара ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер