Миллий ғоя негизида сифатли таълим мужассам

15:58 02 Май 2023 Жамият
747 0

Ўзгариб бораётган дунё олий таълим тизими ва унинг таркибий қисмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимлари ва илм-фан соҳаси ўртасида яқин ҳамкорлик ҳамда интеграцияни, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида ишларни тизимлаштириш чораларини кўриш, айниқса бугунги кунда муҳим аҳамият касб этяпти.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Халқ сўзи” газетасида “Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” номли мақоласида миллий таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати, уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, уларнинг самарали фаолият юритишига зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ўзининг залворли ва шу билан бирга ҳар биримиз учун оғриқли муаммолар кўтарилган.

Мақолада “Маърифатли миллат, озод халқгина миллий ғоя ҳақида ўйлайди. Уни яратиш устида бош қотиради”, дея таъкидлайди.

Дарҳақиқат, миллий ғоянинг негизида сифатли таълим, самарали илм, миллий манфаатлар мужассам бўлиши шарт. Зотан, бунга ўз замонининг илғор намояндалари бўлмиш жадидлар ҳам жуда қаттиқ эътибор қаратишган.

Рустам Холмуродов мақоласида таъкидлаганидек, бугун масжидларда, маҳаллаларда, турли давра ва йиғинларда биринчи айтиладиган фикр фарзандларимизни ўқитиш, ўқитишгина эмас, балки уларга сифатли таълим бериш, миллат генофондини яхшилаш, бола тарбиясида оиланинг ўрнини англатиш бўлиши керак. Бошқа йўлимиз йўқ. Фақат сифатли таълим ва самарали, яъни натижа берадиган илмгина бизни бу вазиятдан олиб чиқа олади.

Ўзбекистонда 2016 йилда ислоҳотлар айнан таълим соҳасидан бошлангани ва Президентимиз деярли ҳар ўтган кун таълимни кўтариш, унга жаҳон стандартларини жорий қилишга даъват этаётгани бежиз эмас.

Муаллиф ўз мақоласида бутун дунё ҳамжамияти Ўзбекистон раҳбарининг илм-фанга, таълим тизимига кўрсатаётган эътиборини юксак баҳолаётганини, жаҳон Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилаётганини, бу борада Президентимизнинг ўзлари ташаббус кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаган.

Зеро, фақат илм-фан, билим, таълим ва технологияларга муҳим эътибор берган жамиятлар башариятнинг олдинги сафларида бормоқдалар.

Акбар НУРМАТОВ,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети

Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер