Миллий анъана ва қадриятларимиз тимсоли
10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Ҳар йили ушбу сана муносабати билан республикамизнинг барча таълим муассасаларида байрам тадбирларни ўтказиш анъанага айланган.
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактабида ҳам давлатимиз мадҳиясининг 30 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Сергели туман ХТБ вакиллари, мактаб маъмурияти, "Қумариқ" МФЙ ёшлар етакчиси, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирни мактаб ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошлаб беришди.
Қайд этилганидек, мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ҳамда қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Давлат мадҳиямиз ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ҳамда етук инсонлар бўлиб вояга етишида ҳам муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур тадбирнинг узвий давоми сифатида республика фан олимпиадасининг туман ва шаҳар босқичларида фахрли ўринларни эгаллаган ҳамда спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари, фан ўқитувчилари мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбағо совғалар билан тақдирландилар.

Тадбир мадҳиямизнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи, байрам руҳи ҳамда кайфиятини берувчи куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари билан давом этди.
Интизор ҚУРБОНОВА,
Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактаби директори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг