Микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарз мажбуриятларини мутаносиб равишда сўндирилишини назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда.
Шунингдек, кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги Қонунга микромолиялаштириш фаолияти деб эътироф этиладиган микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси қарз олувчилар учун қулай молиявий имкониятлар яратишга ҳамда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг