Миграциядан қайтган ёшлар деҳқончиликдан даромад топмоқда
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Ижтимоий меҳнат билан банд бўлмаган ёшларга деҳқончилик қилиш учун 20 сотихдан ер ажратиб беришнинг йўлга қўйилганлиги ўз самарасини бермоқда. Масалан, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жорий йилнинг ўзида 344 гектар суғориладиган майдонлар узоқ муддат фойдаланиш учун 1741 кишининг тасарруфига берилди. «Бир дала – бир маҳсулот» тамойилида жойлаштирилган экинлар биринчи ҳосилининг ўзиёқ ер эгаларига кутилган даромадни тақдим этди.
— Айни имкониятдан фойдаланиб 35 нафар ёшнинг бандлигини таъминладик, — дейди «Кумидон» маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Абдурашид Дадабоев. — Уларнинг 7 нафари миграциядан қайтган йигитлар бўлиб, ўз оилаларидан узоқлашмаган ҳолда кафолатланган даромад топиш имкониятига эга бўлди. Буни эрта баҳорда хориждан келиб 20 сотихдан ерда маккажўхори ва дуккакли экинлар парвариши билан шуғулланишга киришган Жасур Тожиаҳмедов, Санжар Мамадалиев ва бошқаларнинг даладан ҳозирнинг ўзида 10-12 миллион сўмдан ошириб, соф фойда олганида кўриш мумкин.
Бугун деҳқончилик билан моддий аҳволини яхшилашни мақсад қилган ёшларнинг аксарияти дастлабки ҳосилни саранжомлаб, кейинги экин парваришига киришиш тараддудини кўрмоқда. Бунда уларнинг кўпчилиги ҳам ички, ҳам ташқи бозорда харидоргир бўлган саримсоқпиёз етиштиришни мақсад қилган. Келгуси йилнинг эрта баҳорида пишиб етиладиган ушбу қишлоқ хўжалик маҳсулотидан олинадиган даромад 30-35 миллион сўмга етади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг